Ислом иқтисодиёти асослари:
Маълумки, Ислом дини таълимотига кўра, барча мол-мулклар соҳиби – Аллоҳ таолонинг ёлғиз ўзи бўлиб, қайси бандасига қанча бойлик бериш у зотнинг хоҳиш-иродаси билан амалга ошади. Аллоҳ таоло ўзининг адолатли мезони билан баъзи бандаларни бошқаларга қараганда кўпроқ мол бериб синайди. Бойликка ружуъ қўйиш, уни ҳамма нарсадан афзал деб билиб қолишдан сақланиш учун инсонлар ўз маблағларидан ихтиёрий ва мажбурий тарзда бошқаларга инфоқ-эҳсон қилишлари мумкин. Ихтиёрий эҳсонларга ҳадя, садақа кабилар кирса, мажбурийлари қаторига закот, ушр, фитр садақа, фидя ва жизя кабилар киради.
Аллоҳ таоло ўз китобида қуйидагича марҳамат қилади:
“Аллоҳнинг йўлида молларини сарфлаб, сўнгра сарфлари кетидан миннат қилмай ва озор бермайдиганларнинг ажрлари Роббилари ҳузуридадир. Уларга хавф йўқ ва улар хафа ҳам бўлмаслар” (“Бақара” сураси, 262-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам давридаги молиявий манбалар:
Ислом дини ривожланишининг дастлабки йилларида фай (урушларда олинган ўлжа) ва садақа асосий молиявий манбалар ҳисобланган. Иккинчи ҳижрий йилда Закотнинг фарз бўлиши билан, у асосий молия манбаига айланди. Закот нақд пуллардан, шунингдек чорва моллари, тижорат моллари, кон ва хазиналардан олинарди. Ердан чиққан ҳосилдан эса ушр олинган. Мусулмонлар билан бирга истиқомат қиладиган ғайридинларнинг тинчлигини таъминлаш мақсадида улардан жизя солиғи олинган. Демак, Пайғамбаримиз алайҳиссалом даврларида давлат хазинаси асосан қуйидаги манбалар: закот, садақа, хумс (олинган ўлжанинг бешдан бир қисми) ва жизя асосида шакллантирилган ва мазкур йиғилган маблағлар жамиятнинг заиф қатламларини молиявий қўллаб-қувватлаш, давлат хавфсизлигини таъминлаш, янги масжид-мадрасаларни қуриш, йўлларни таъмирлаш, кўприклар ва шу каби инсонларга манфаат келтирадиган иншоотларни барпо этиш мақсадида сарфланган.
Хулафойи рошидийн (Тўрт рошид халифалар) давридаги молиявий манбалар:
Ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу даврида ҳам Набий алайҳиссалом давридаги молиявий манбаларда ўзгариш бўлмаган. Фақат закотни инкор қилиб, диндан қайтган бир неча тоифалар чиққан бўлиб, Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг оқилона тадбирлари орқали бу муаммо қисқа вақт ичида ҳал қилинган.
Исломнинг аввалида, мусулмонлар оёққа туриб, дастлабки давлатчилик тизими шакллана бошлаган вақтда ҳукумат ишларини юритиш, уларни молиялаштириш мақсадида солиқлар каби ўзига хос йиғимлар жорий этилган. Бугун улар ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз.
1. Жизя.
Мусулмонлар закот бергани каби Ислом давлати ҳудудида истиқомат қиладиган зиммийлар (мусулмон бўлмаган аҳоли)дан жизя солиғи олинган. Чунки зиммийлар ҳам давлат томонидан тақдим этиладиган умумий имкониятлардан фойдаланиши мумкин бўлган ва уларнинг жонлари ва моллари омонда бўлиши таъминланган. Лекин улардан закот олиш мумкин эмас, чунки закот фақат мусулмонлар учун фарз бўлган ибодат ҳисобланади.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
“Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирмайдиганларга, Аллоҳ ва унинг Расули ҳаром қилган нарсаларни ҳаром деб билмайдиган ва ҳақ динга юрмайдиган китоб берилганларга қарши, то улар бўйинсунган ҳолларида ўз қўллари билан “жизя” бермагунича жанг қилинг” (“Тавба” сураси, 29-оят).
2. Харож.
Харож солиғи ғайридинлар истиқомат қиладиган ерлардан олинадиган солиқ тури бўлган. Харож биринчи марта Ҳазрати Умар розияллоҳу даврларида, мусулмонлар Ироқ ҳудудини фатҳ этганларида жорий этилган. Қодисия жангида қўмондонлик қилган Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Амирул мўминийн Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга Савадул Ироқ (Дажла ва Фурот дарёлари оралиғидаги суғориладиган ерлар) мусулмолар ихтиёрига ўтгани хушхабарини билдириш учун мактуб жўнатади. Бундан олдин Ироқ ҳудудидаги бу ерлар икки империя Форс ва Рум ўртасида талаш бўлган. Чунки бу ерлар ўша вақтда дунёдаги энг унумдор ерлар, дея эътироф этиларди. Аллоҳ таолонинг мусулмонларга берган ғалабасидан кейин Саъд Ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу урушда қўлга киритилган ўлжаларни тақсимлашда Ироқ ерларига тегмай турдилар. Бу ҳақида халифанинг фикрини билиш учун мактуб юборгач, Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу кибор саҳобалар билан машварат ўтказдилар. Узоқ вақт давом этган мунозаралардан сўнг Ҳазрати Умар ва мажлис аҳли ерларни ўз эгалари қўлида қолдиришга ва улардан харож солиғи ва жизя олишга иттифоқ қилдилар.
Харож солиғи Набий алайҳиссалом даврларида ҳам, Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу халифалик даврларида ҳам бўлмаган. Умар розияллоҳу анҳу уни биринчи бўлиб жорий этган шахс ҳисобланади.
Абу Юсуф Омир аш-Шаъбий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Умар розияллоҳу анҳу Савад (Ироқ ерлари)ни ўлчатдилар ва унинг жами майдони 130 миллион жарийб (тах. 163,800-206,960 км2 га тенг) экани аниқланди. Шундан сўнг Амирул мўминийн зироат экинлари экилган ҳар бир жарийб (тах. 12-16 сотих) ерга бир дирҳам пул ва бир қафиз (тах. 24-25 кг) зироат маҳсулоти; ҳар бир жарийб узумзорга 10 дирҳам; ҳар бир жарийб хурмозорга 5 дирҳам харож солиғини; у ерда истиқомат қилувчиларга эса 12, 24 ёки 48 дирҳамдан жизя сўлиғини тайин этдилар.
Жизя солиғини 3 хил қилиб белгилашда Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳар бир инсоннинг молиявий ҳолатини эътиборга олдилар. Натижада, жизя учун қуйидаги 3 хил даража жорий этилди:
1. ҳар бир бой-бадавлат инсон учун йилига 48 дирҳам;
2. ҳар бир ўртаҳол аҳоли учун йилига 24 дирҳам;
3. ҳар бир камбағал инсон учун йилига 12 дирҳам.
Ер солиғи – харожнинг қийматини белгилашда ҳам Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ердан униб чиққан нарсанинг ва деҳқонларнинг ҳолатига риоя қилдилар.
Ривоят қилинишича, Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Шом ерлари фатҳ этилгач, у ерларга ҳам, Миср ерлари фатҳ этилгач, Миср ерларига ҳам Ироқда қўлланган солиқларни жорий этдилар.
Аллома Сарахсий айтадилар: “Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Савадул Ироқ ерларига солиқ солишда суннатга суянганлар”.
3. Ушр.
Шунингдек, ҳар бир мусулмонга ердан чиққан ҳосилнинг ўндан бир ёки унинг ярми (яъни йигирмадан бир) қисмини Ушр сифатида бериш ҳам вожиб ҳисобланган (ҳозирда ҳам шундай). Мусулмон бўлмаганлар эса харож беришарди. Чунки улар мусулмонларнинг ерларидан фойдаланишган. Харождан йиғилган маблағлар анҳорлар қазиш, йўлларни таъмирлаш, кўприклар қуриш каби аҳли китобларга ҳам манфаат келтирадиган ишларга сарф қилинган.
Ҳарзари Умар розияллоҳу анҳу кўплаб ўлкалар мусулмонлар ихтиёрига ўта бошлагач, давлат ишларини идора қилиш учун янги тузилма – Девонга асос солдилар. Девон орқали давлат хазинаси – байтулмолни тўғри тасарруф этиш давом эттирилди.
4. Ушур.
Бу даврда тижорат билан боғлиқ яна бир солиқ мавжуд эди. Бу солиқдан кўра кўпроқ бугунги кундаги божхона тўловлари – божларига ўхшаб кетади.
Ушур – ислом мамлакатларида импорт ва экспорт маҳсулотларидан олинадиган солиқ, йиғим тури бўлган. Ушурнинг миқдори мусулмонлар учун маҳсулотнинг ўндан бирнинг тўртдан бири (қирқдан бир, яъни 2,5%), зиммий учун ўндан бирнинг ярми (йигирмадан бир, яъни 5%), аҳли ҳарблар учун (бошқа давлат фуқаролари учун) ўндан бири (яъни 10%) деб белгиланган.
Ушурлардан йиғилган маблағлар тожирларнинг жонини ва молини ўғри ва талончилардан, қароқчилардан ҳимоя қилиш каби ишларга сарфланган.
5. Хумс (ўлжанинг бешдан бир қисми)
Урушларда олинган ўлжаларнинг бешдан бир қисми жамият манфаатлари учун байтулмолга топширилган. “Анфол” сурасида Аллоҳ таоло қуйидагича марҳамат қилади:
“Ва агар Аллоҳга, фурқон куни – икки жамоат тўқнашган куни бандамизга нозил қилган нарсамизга иймон келтирган бўлсангиз, билингки, ўлжага олган нарсангиздан бешдан бири Аллоҳга, Расулига, яқинларига, етимларга, мискинларга ва мусофирларгадир. Ва Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир” (41-оят).
6. Закот.
Закотни давлат эҳтиёжлари учун олиб бўлмайди, балки у бойларнинг молидаги камбағалларнинг ҳақи ҳисобланади. Шундай бўлса-да, закот давлатнинг ижтимоий ҳимоя деб аталадиган вазифасини ўзига олгани учун давлат ғазнасидаги маблағларнинг тежалишига катта ёрдам беради.
Исломнинг илк даврларидан то бугунги кунимизга қадар закот мусулмонлар томонидан узлуксиз адо этиб келинмоқда. (Закот тўғрисида батафсил маълумотларни аввалги постларимизда бериб ўтган эдик).
Демак, юқоридагилардан хулоса қилишимиз мумкинки, Исломнинг аввалида жорий этилган “солиқлар” ва мажбурий йиғимлар давлат учун ўзининг зиммасидаги вазифаларни тўғри ва ўз вақтида адо этиш ҳамда халқ хотиржамлиги ва хавфсизлигини таъминлашда муҳим иқтисодий омил бўлган.