Россияда ислом молияси ривожига бағишланган олдинги мақолаларимизда Федерация ҳудудида фаолият юритаётган ислом молия муассасаларининг икки йирик гуруҳи – нобанк микромолия ташкилотлари ва ислом банки ва дарчалари ҳақида сўз юритган эдик. Мақоланинг ушбу қисмида юқоридаги икки гуруҳга кирмайдиган бошқа ислом молия ташкилоти ҳисобланувчи инвестиция компаниялари ҳақида маълумот берамиз.
3. Инвестиция компаниялари
Россия Федерацияси ҳудудида 2 та инвестиция компанияси ислом молияси тамойилларига асосланган ҳолда ўз мижозларига хизмат кўрсатмоқда. Улар – «Татаристон халқаро инвестиция компанияси» (Tatarstan International Investment Company, TIIC) ҳамда «Zayed жамғармаси» (Zayed Fund) ҳисобланади. Ушбу икки лойиҳа ҳам хорижий сармоядорлар иштирокида ташкил этилган. Татаристон халқаро инвестиция компаниясига Ислом Тараққиёт Банки, Татаристон ҳукумати ва Форс кўрфазидаги 5 та молия муассасалари ҳамкорлигида 2010 йилда асос солинган. Zayed жамғармаси эса БААнинг Тадбиркорликни ривожлантириш Халифа жамғармаси (Khalifa Fund for Enterprise Development) томонидан 2017 йилда таъсис этилган. Энг қизиғи, икки компания ҳам амалдаги умумий қонун-қоидалардан истисно тариқасида ташкил этилган. Одатда, ИТБ гуруҳи, ўз ташкилотларига аъзо бўлмаган мамлакат ҳудудида лойиҳаларни молиялаштирмайди. Халифа жамғармаси ҳам фақатгина БААда молиялаштириш амалиётлари учунгина тузилган. Шунга қарамай, бу йирик молия муассасалари РФ ҳудудида янги компания очишга рози бўлдилар.
Татаристон халқаро инвестиция компанияси 2012 йилда ўзининг 90 млн. рубл сармояси ҳисобига янги Евроосиё лизинг компанияси (The Eurasian Leasing Company)га асос солди. Бироқ ички сиёсий муаммолар туфайли муассаса ўзининг молиявий фаолиятини кенгайтира олмади. Татаристон Бош вазирининг Ислом молия муассасалари билан ҳамкорлик бўйича маслаҳатчиси Линар Якупов таъкидлаганидек, компаниянинг ривожланишига тўсқинлик қилган бошқа омиллар қаторига лойиҳаларнинг (ҳуқуқий) тузилиши ва 2008-2010 йиллардаги молиявий инқироз билан боғлиқ муаммолар киради.
Zayed жамғармаси ташкил этилаётганда инвесторлардан 50 миллион АҚШ доллари миқдоридаги мажбуриятларни қабул қилиб, жамғарма дастурларига йўналтирган. 10 йил ичида Жамғарма 300 миллион АҚШ долларидан ортиқ лойиҳаларни молиялаштиришни режалаштирган. Жамғарма фақат Чеченистон Республикаси ҳудудида молиялаштиришни амалга оширади ва фаолияти давомида аҳолини иш билан таъминлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш сиёсатини олиб боради.
Zayed жамғармаси анъанавий молияга оид лойиҳаларни ҳам молиялаштирган бўлиб, жамғарма вакиллари таъкидлашича, улар ҳамкорлик қилишни истаган барча салоҳиятли мижозларга хизмат кўрсатади. Бироқ бундай лойиҳаларнинг улуши жуда кам. Барча тузилган шартномаларнинг 97 фоизи ислом молияси тамойилларига асосланган. Ҳали ишга туширилмаган, лекин тасдиқланган лойиҳалар орасида бундай лойиҳалар улуши янада юқори бўлиши кутилмоқда. Айтиш мумкинки, Чеченистонда ислом анъаналари кучли ривожланган бўлиб, шариат меъёрлари ва тамойиллари одамларнинг кундалик ҳаётига, шу жумладан, уларнинг бизнес юритиш услубларига жуда сингиб кетган.
Ҳар бир лойиҳа учун молиялаштириш чегараси (энг кўп миқдори) 1 миллион АҚШ долларини ташкил этади; молиялаштиришнинг энг узоқ муддати – 4 йил. 2019 йил 21 октябргача Жамғарма 1144 дан ортиқ бизнес лойиҳалари ва ғоялари орасидан танлаб олинган 96 та лойиҳани молиялаштирган бўлиб, жами инвестиция қилинган маблағлар ҳажми 380 миллион рубл (6 миллион АҚШ доллари атрофида)ни ташкил этади. Жамғарма дастурлари асосида 250 та янги иш ўринлари яратилди. 343 миллион рубл (5,38 миллион АҚШ доллари) миқдоридаги 65 та лойиҳа ҳам молиялаштириш учун маъқулланди.
Иқтисодий тармоқлар бўйича Zayed жамғармасининг асосий маблағлари озиқ-овқат ва ичимлик маҳсулотлари ишлаб чиқариш, улгуржи ва чакана савдо, шунингдек деҳқончилик (шу жумладан, чорва моллари ва ва ўсимликларни етиштириш) соҳаларига йўналтирилган. Компания молиявий хизматлар кўрсатиш, маслаҳат, маркетинг ва нашриёт фаолияти билан боғлиқ лойиҳаларни молиялаштирмайди ва жисмоний шахсларга кредитлар бермайди.
Zayed жамғармасининг асосий молиялаштириш маҳсулотлари – муробаҳа ва мушорака ҳисобланади. Жамғарма томонидан молиялаштирилган жами лойиҳаларнинг қарийб 82 фоизи муробаҳа битими орқали молиялаштирилган бўлса, мушорака шартномалари орқали жами битимларнинг 15 фоизи молиялаштирилган.
Расмий хабарларга кўра, Ўзбекистон ҳудудида ҳам Вазирлар Маҳкамаси ва Ислом тараққиёт банки ҳамкорлигида бошланғич капитали 100 миллион АҚШ доллари бўлган «Иқтисодий имкониятларни кенгайтириш жамғармаси» (Economic Еmроwermеnt Fund) ташкил қилиниши кутилмоқда.
Давоми бор…
Россиялик тадқиқотчи олима Мадина Калимуллина мақоласи асосида тайёрланди