Россия федерациясида ҳам ислом молияси маҳсулот ва хизматларига бўлган талаб мусулмон аҳоли сонига мутаносиб равишда ошиб бормоқда. Pew тадқиқот марказининг 2017 йилда ўтказган тадқиқотига кўра, мамлакат жами аҳолисининг тахминан 10 фоизи, бошқача айтганда 14 миллион аҳоли мусулмонлардан иборат.
Ўз навбатида, федерация таркибида кўпроқ мусулмонлар истиқомат қиладиган автоном республикаларда ислом молия тизимини ривожлантириш бўйича дастлабки қадамлар 1990 йилларда қўйилган эди. 1991 йили “БАДР-ФОРТЕ БАНК” халқаро тижорат банки ташкил этилди ва мазкур банк 1997 йилдан бошлаб ислом молиясининг тамойиллари асосида ишлай бошлади. Лекин банк номида “ислом банки” атамаси қўлланилмаган. Шундай бўлса-да, “БАДР-ФОРТЕ БАНК” ИСЛОМ ТАРАҚҚИЁТ БАНКИ қошидаги ИСЛОМ БАНКЛАРИ ВА МОЛИЯ МУАССАСАЛАРИ БОШ КЕНГАШИ (General Council for Islamic Banks and Financial Institutions (CIBAFI)га аъзо бўлди. Бироқ 2006 йилга келиб турли сабабларга кўра банкнинг лицензияси Марказий банк томонидан бекор қилинди. Мамлакатда ислом молиясини ривожлантириш бўйича кейинги уринишлар Татаристон ҳудудида давом эттирилди. Банк ташкил этиш бўйича қийинчиликларни ҳисобга олган ҳолда бир гуруҳ тадбиркорлар 2010 йилда ислом молияси тамойиллари асосида ишловчи инвестицион компанияга асос солишди. Шундан сўнг ислом молияси тармоғи мамлакатнинг бошқа ҳудудларига ҳам ёйила бошлади. Ўтган 11 йил давомида шариатга мувофиқ молия тизимига алоқадор 30-35 та турли лойиҳа аҳолига тақдим этилди.
Россиядаги ислом молия муассасаларини 6 та йирик гуруҳга ажратиш мумкин:
1. Нобанк микромолиялаш муассасалари;
2. Банклар;
3. Инвестиция компаниялари;
4. Активларни бошқаришга ихтисослашган компаниялар;
5. Кўчмас мулкни молиялаштирувчи ширкатлар (кооперативлар);
6. Бошқа турдаги молия муассасалари (лизинг, микромолия, суғурта ташкилотлари каби).
1. Нобанк микромолиялаш муассасалари
Ислом молияси тамойилларига мувофиқ фаолият олиб борадиган нобанк молия муассасаларидан энг машҳурлари – Amal Finance House ва LaRiba Finance (араб тилидан «рибосиз молия» деб таржима қилиш мумкин) компаниялари ҳисобланади. Икки ташкилот ҳам чекланган шерикчилик жамияти (коммандит ширкат) шаклида тузилган бўлса-да, уларнинг бизнес юритиш шакл ва услублари турличадир. LaRiba Finance компанияси 2011 йил Доғистон автоном республикасида ташкил этилган бўлиб, асосан, қисқа муддатли (12 ойгача) чакана битимларни молиялаштиришга ихтисослашган. Компания ислом молияси битимларидан Муробаҳа шартномаси асосида фаолият юритади. Энг кўп молиялаштириш миқдори ҳар бир мижоз учун 500,000 рубл (тахминан 8 минг АҚШ доллари)га тенг. Amal Finance House ҳам 2011 йилда ўз ишини бошлаган бўлиб, асосий офиси Татаристон республикасида жойлашган. Мазкур компания асосий эътиборини бизнесни молиялаштиришга қаратган. Ажратилиши мумкин бўлган энг кўп маблағ 40 млн. рубл (600 минг АҚШ долларидан зиёд) бўлиб, одатда, 3 йилга берилади. Шунингдек корхона 2019 йилда янги Иқро дастури орқали қисқа муддатли молиялаштириш хизматини ҳам йўлга қўйди. Amal Finance Housе Музораба инвестиция шартномаси орқали Россия Федерациясининг барча минтақаларидан сармоядорларни жалб қилишга ва сармоядорлар базасини доимий равишда кенгайтириб, янгилаб боришга ҳаракат қилади. Музораба битимига кўра, Amal Finance House музориб сифатида сармоядорлардан сармоя қабул қилиб олади ва йиғилган маблағларни шариат кўрсатмаларига мувофиқ иш олиб бораётган корхоналарга Музораба, Муробаҳа, Салам, Истисна, Ижара каби шартномалар асосида инвестиция сифатида киритади. Молиялаштириш даври якунида барча лойиҳалардан олинган даромад Amal Finance House ва сармоядорлар ўртасида келишилган нисбатда тақсимланади.
Яна бир микромолия ташкилоти бўлган Fincity 2017 йилдан бошлаб Чеченистонда Муробаҳа асосида чакана молиялаштириш хизматларини тақдим эта бошлади. Ушбу муассаса қурилиш моллари, маиший техника, электрон жиҳозлар, спорт анжомлари кабиларни муддатли тўлов асосида харид қилишга ёрдам беради.
Давоми бор…
Россиялик тадқиқотчи олима Мадина Калимуллина мақоласи асосида тайёрланди