Аҳоли сонининг кўпайиши билан уй-жойга бўлган талаб ҳам шунга мос равишда ошиб боради. Табиийки, турар-жойларга бўлган талаб ва таклиф ўртасида мувозанат бузилиши мамлакатда ижтимоий-иқтисодий муаммоларга сабаб бўлиши мумкин. Мазкур омилни ҳисобга олган ҳолда, Баҳрайн ҳукумати ўз аҳолиси учун, айниқса, даромад даражаси ўртача бўлган аҳоли вакиллари учун хонадонлар қуришни молиялаштириш дастурларини ишлаб чиққан бўлиб, йил сайин уларни такомиллаштириб келмоқда.
Ҳукумат ўрта бўғимни қўллаб-қувватлашининг сабабларидан бири бу – Баҳрайнда хонадонлар ижара тўловлари бошқа араб мамлакатларига қараганда анча юқорилиги. Турар жойларнинг ўртача ижара ҳақи ойига 780-1179 Баҳрайн динори (2069-3127 АҚШ доллари)ни ташкил этади (солиштириш учун: ушбу кўрсаткич бошқа бир кўрфаз мамлакати – Саудия Арабистонида 480-1620 Саудия риёли (127 ва 431 АҚШ доллари)га тенг).
Баҳрайн ўз аҳолиси учун ижтимоий уй-жой қуриш дастурлари (social house financing program)ни самарали тадбиқ этиб келаётган саноқли давлатлардан бири ҳисобланади. 1970-йилларда Уй-жой қурилиш вазирлиги ташкил этилгандан буён ҳозирги кунгача 130 мингдан ортиқ турар жой бинолари ҳукумат ташаббуси остида ўз эгаларига топширилган.
Уй-жой қурилиши дастуридан фойдаланувчилар Баҳрайн фуқаролари бўлишлари лозим. Ҳисоб-китоблар шуни кўрсатадики, 65 фоиз фуқаролар ушбу дастурдан фойдаланганлар, улар асосан, уй-жой қуриш ва янги уй сотиб олишни молиялаштириш мақсадида қарзлар ёки ижара тўловлари учун субсидиялар (ёрдам пули / молиявий имтиёз) олишган.
Уй-жой хизматларини кўрсатиш натижасида янги иш ўринлари яратилди. Хусусан, қурилиш ва қурилиш билан боғлиқ соҳалар, молия, кўчмас мулк тармоқлари ижтимоий ва нисбатан арзон уй-жой тармоғига инвестицияларни кучли рағбатлантириш натижасида тез суръатларда ривожланди. Тадқиқотларга кўра, ушбу тармоққа киритилган сармоянинг ҳар бир Баҳрайн динори иқтисодиётга камида 1,72 баравар кўп фойда келтирди (Multiplier Effect) ва уй-жой тармоғига йўналтирилган инвестицияларни иқтисодий ўсишнинг муҳим омилига айлантирди.
Баҳрайнда узоқ муддатли уй-жойни молиялаштириш лойиҳасининг муваффақияти қуйидаги омилларга асосланади:
– Баҳрайнда ижтимоий фаровонлик ва миллий тараққиётни ошириш давлат сиёсатининг асосий тамойилидир;
– Баҳрайн ҳукумати барқарор ривожланиш учун етарлича уй-жой қурилишининг муҳимлигини тушунади ва аҳолини уй-жойга бўлган талабини қондиришни мамлакат ижтимоий-иқтисодий барқарорлигининг муҳим таркибий қисми деб қарайди;
– Ушбу масала Мамлакат Конституциясининг 9-моддасида ҳам ўз тасдиғини топган: “Давлат даромади чекланган фуқароларни уй-жой билан таъминлашга интилади”.
– The Economic Vision 2030 лойиҳаси (Баҳрайннинг 2030 йилдаги иқтисодиёти) аҳоли учун уй-жойлар қуриш бутун иқтисодиёт ривожига туртки беришини инобатга олади (яъни ушбу тармоқни катализатор сифатида кўради). Албатта бу аҳоли учун уй-жойлар қуришнинг қурилиш соҳасида катта улушга эгалиги, аҳолини иш билан таъминлашдаги аҳамияти, ҳамда миллий ва халқаро девелоперлар (қурилиш тармоғига сармоя киритган / жалб қилган ҳолда қурилиш фаолияти олиб борувчи ташкилот/фирмалар) учун бизнес имкониятлар тақдим этиши билан боғлиқ.
– Ҳукуматнинг 2019-2022 йиллар учун Ҳаракатлар режасида уй-жойга бўлган талабни қондириш мақсадида яна 25 000 хонадонни ўз эгаларига топшириш белгиланган.
Баҳрайннинг шаҳарсозлик ва уй-жой қуриш дастурлари билан боғлиқ ютуқлари халқаро миқёсда ҳам тан олинган. Масалан, 2006 йилда БМТнинг уй-жой қурилишини ривожлантириш бўйича UN-Habitat мукофоти Баҳрайн шаҳзодаси Халифа бин Салмон Ал-Халифага берилган. Қуйида Баҳрайн ҳукумати томонидан бунёд этилган турар жой мажмуалари келтирилган:
1. 1963 йил Isa Town нинг ташкил этилиши.
Ижтимоий уй-жой хизматларини кўрсатиш бўйича ҳукуматнинг биринчи лойиҳаси “Isa Town” бўлган. Лойиҳа таркибидаги хизмат кўрсатиш ва бошқа иншоотлар билан қўшиб ҳисоблаганда, тахминан 5650 та хонадон қуриб битказилган.
2. 1984 йил Hamad шаҳарчасининг ташкил этилиши.
Вазирликнинг ушбу иккинчи йирик дастури доирасида, 2160 та хонадон ва 629 та ҳовли қурилган.
3. 2001 йил Zayed Town нинг очилиш маросими
Ҳукуматнинг уй-жой лойиҳаларини ривожлантиришга бўлган ёндашувини давом эттириш мақсадида 2001 йилда Бирлашган Араб Амирликлари ҳукумати билан ҳамкорликда Zayed Town лойиҳаси амалга оширилди. Ушбу лойиҳа 484 та уй-жойдан иборат ноёб ва ўзига хос шаҳарча кўринишида якунига етди.
4. 2002 йил Medinat Salmonнинг ташкил этилиши
Баҳрайннинг 740 гектар майдонни эгаллаган шимолий қирғоқ чизиғи бўйлаб қад ростлаган, бугунги кунгача вазирлик томонидан амалга оширилган энг йирик ва энг замонавий ижтимоий уй-жойлар лойиҳасидир.
5. 2013 йил Medinat Khalifa нинг фойдаланишга топширилиши
Баҳрайннинг жануби-шарқида 734 гектар майдонда жойлашган Medinat Khalifa шаҳарчаси шаҳзода Чарлз фонди лойиҳасини ва Askar, Jaw ва Al Dur виллаларини ўз ичига олади. Шаҳарда тижорат бинолари, турли ижтимоий иншоотлар ва тахминан 8000 та уй-жой мавжуд бўлиб, улар 48000 фуқародан иборат аҳолига хизмат кўрсатади.
6. 2013 йил East Hidd янги шаҳарчасининг ташкил этилиши.
Муҳаррақ оролида, 232 гектар майдонда жойлашган бўлиб, унинг таркибига қарийб 3500 та турар-жой бинолари ва хизматлар кўрсатиш уйлари, 1200 дан ортиқ хонадонлар киради.
7. 2015 йил Шарқий Ситрага тамал тоши қўйилиши
2015 йил 15 июн куни валиаҳд шаҳзода Салмон бин Ҳамад Ал-Халифа 25304 гектар майдонни эгаллаган “Шарқий Ситра” лойиҳасига тамал тошини қўйди.
8. 2016 йил Deerat Al Oyoun нинг ташкил этилиши
Ушбу лойиҳанинг умумий майдони 1,2 миллион квадрат метрни ташкил этади ва “Мазая” дастурида рўйхатга олинадиган 3021 та турар-жой биноларини ўз ичига олади.
9. 2016 йил MASAKEN лойиҳаси
Қиролича Сабеека бинти Иброҳим Ал-Халифа MASAKEN лойиҳасининг биринчи босқичининг очилишига ҳомийлик қилди. Ушбу муассаса ёрдамга муҳтож аёлларни маскан билан таъминлашга қаратилган.
10. 2017 йил Al Ramli шаҳарчасининг ташкил этилиши.
Al Ramli яхлит уй лойиҳаси. Лойиҳа 4501 та тарар-жойлар, яшил майдонлар, масжидлар, мактаблар ва бошқа жамоат иншоотларидан иборат.