Ислом дини инсон ҳаёти давомида дунёнинг баланд-пастликлари узра саодат ва тўғри йўлга етакловчи йўлбошловчидир. Аллоҳ инсонга ер юзини макон қилди ва унда турли муносабатларни, хусусан иқтисодий ва молиявий алоқаларни яратишга имкон берди. Ҳар бир инсонга фитрат берди ва инсонни янгиликка интилувчан қилди. Аммо улар билан бирга инсонда очкўзлик ва баднафслик, ёмон феъл ва золимлик сифатлари ҳам бор. Ислом муайян ахлоқий ва ижтимоий чегараларни адолат билан ўрнатиб, моддий бойликлардан фойдаланишда адолатсизликни олдини оладиган иқтисодий-молиявий тамойилларни белгилаб берди. Ушбу тамойилларга амал қилиш инсон учун ер юзида ҳалол ризқ топишга ва охиратда Аллоҳнинг розилигини топишга ёрдам беради.
Ислом иқтисодиёти «рухсат этилган/яхшилик/тўғрилик/хайр» асосларидан келиб чиқади, яъни у “Хайр” нималигини белгилайди ва одамлага шу “Хайр”ни энг самарадор ва фойдали усуллар билан муайян чекловларга амал қилган ҳолда қўлга киритишга чорлайди. Шундай қилиб, ислом иқтисодиёти шахсий эркинлик, хусусий мулк, тадбиркорлик руҳи, молиявий фойда олиш важи ва қилинадиган саъй-ҳаракатлар ва мукофот ўртасидаги тўғридан-тўғри боғлиқликни кафолатлайди.
Бошқа тарафдан эса, ислом иқтисодиёти муайян ахлоқий фильтрларни жорий этадики, бу турли даражаларда ижтимоий адолатни таъминлашга хизмат қилади.