Исломий дунёқараш ва ундан келиб чиқадиган иқтисодий модель. Аввал айтиб ўтганимиздек капитализм вакуумда пайдо бўлмаган. У Уйғониш даврининг маҳсули бўлиб, ўзига “қадрият нейтралитети” ғоясини танлаб олган ва билим манбаи ўлароқ фақатгина инсон ақлига таянади. Ҳолбуки, ислом дунёқараши теотцентризм, яъни Худони ягона, мутлақ ва олий зотлиги ҳақидаги таълимотга таянувчи маънавий-ахлоқий моделдан келиб чиқади.
Агар капиталистик модель инсонларнинг (бозор механизмлари орқали) ҳар қандай истак-хоҳишларини қондириш вазифасини ўз олдига қўйган бўлса, теоцентрик модель бизнинг истак-хоҳишларимиз ҳудди орзу-хаёлларимиз сингари чексиздир дейди. Аммо, уларнинг барчасини рўёбга чиқариш имконияти йўқ. Бундан ташқари, ислом нуқтаи назаридан қараганда биз ва бизнинг истак-хоҳишларимиз кўпинча қарама-қаршидир ва уларнинг аксарияти ҳатто зарарли ва ҳалокатлидир.
Шунингдек, моддий бойлик топиш (ва шу орқали истак-хоҳишларни қондириш) ҳаётнинг мазмун-мақсади эмас, балки ҳақиқий мақсадга – яхши амаллар қилиш ва ер юзида ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш йўлидаги воситадир холос.
Шу ўринда машҳур инглиз иқтисодчиси Алфред Маршал ўзининг “Сиёсий иқтисод тамойиллари” номли китобида таъкидлаганидек, иқтисодиёт, бойликни ўрганиш билан бир қаторда, ундан-да муҳимроқ бўлган вазифа – инсонни ўрганиш билан ҳам шуғулланади. Хар қандай иқтисодиёт одамларнинг истак-эҳтиёжларини қондириш учун мавжуд ресурсларни тақсимлаш тамойилларини ўрганади.
Иқтисодиётдаги асосий саволлар – нима, қандай қилиб ва ким учун ишлаб чиқариш керак, деган саволлардир. Бу саволлар ҳар қандай иқтисодий модель – ислом иқтисодиёти бўладими, капиталистик иқтисодиёт бўладими, социалистик иқтисодиёт бўладими, ёки аралаш иқтисодиёт бўладими, фарқи йўқ, барчасининг олдида туради. Бироқ, турли иқтисодий моделлар бу саволларга турлича жавоб беради. Агар капиталистик модель гедонизмни, яъни шахснинг эгоистик манфаатларини жамият манфаатларидан устун қўйса, социалистик модель жамият манфаатларини устивор деб билади ва шафқатсиз равишда шахс эркинлигини бўғади.
Ислом иқтисодиёти моделининг ўзига хос жиҳати шундаки, у инсонларнинг моддий эҳтиёжларидан ташқари руҳий, маънавий ва ижтимоий эҳтиёжларини ҳам инобатга олади ва шу сабабли эркин бозор қонунларини умуман олганда маъқулласада, жамият манфаатларини таъминлаш, ҳамда бозорда йўл қўйилиши мумкин бўлган бемаънилик ва адолатсизликни олдини олиш мақсадида муайян маънавий-ахлоқий чегаралар ўрнатади.
“Нима ишлаб чиқариш мумкин?” деган масалага ислом иқтисодиёти модели инсоннинг ўзи, ҳамда унинг заруратлари асл моҳиятига эътибор қилган ҳолда ечим беради ва бунда инсоннинг барча чегара билмас хоҳиш-истакларини қаноатлантириш мақсади қўйилмайди.
Ислом иқтисодиёти моделининг мақсади маънавий масъул бозор иқтисодиёти тизимини яратиш дейиш мумкин. Унинг ўзига хос жиҳатларидан бири шахснинг ва жамиятнинг маишатини эмас, балки ҳақиқий эҳтиёжларини қондиришдир. Ислом иқтисодиёти модели бойликларнинг жамият ичида адолатли тақсимланишига алоҳида эътибор қаратади, бусиз ижтимоий баркамоллик (уйғунлик) ва иқтисодий ўсишни таъминлаш мумкин эмас деб ҳисоблайди.
Бойликларни яратиш ва тақсимлашнинг энг адолатли усули бу бизнес-шерикчиликдир, чунки бунда, амалга оширилган фаолият самараси барча шериклар ўртасида адолат билан тақсимланиши учун шароит яратилади ва бирор тарафни молиявий эксплутация қилишнинг асосий кўринишларини олди олинади.
Ислом иқтисодиётида бойликларнинг бойлардан камбағал ва ижтимоий ҳимояга мухтож табақаларга қайта тақсимланиши асосан қуйидаги усуллар ёрдамида амалга оширилади – закот, садақа, қарзи ҳасан (фоизсиз қарз), такафул (ўзаро ёрдам) ва вақф.
Агар ислом иқтисодиёти моделига чуқурроқ кириб борилса юзлаб саҳифаларни тўлдириб ташлаш мумкин, аммо бу бизнинг мақсадимиз эмас. Ундан ташқари, бу соҳада жуда кўп илмий ишлар қилинган бўлишига қарамасдан, олимлар ҳамон яшовчан ва муваффақиятли тизим андозасини яратиш устида бош қотиришмоқда. Микроиқтисодиёт назариясини яратиш масаласи унданда оғирдек кўринади. Буларнинг барини амалга ошириш учун мавжуд илмий-амалий тажриба ва назарий билимларни жамлаш, қайтакўриб чиқиш ва таҳлил қилиш, ҳамда уларни илмий жиҳатдан ишончлидалиллар ёрдамида тасдиқлаш лозим.
Бироқ, замонавий капиталистик модель инсониятга на бахт ва на қониқиш ҳиссини тақдим эта олмаганлиги аниқ (интернетда бу фикрни тасдиқловчи илмий, ижтимоий, фалсафий материаллар етарли). Афсуски инсоният ривожлангани сари ҳақиқий бахтдан шунча узоқлашиб бормоқда.
Зеро, Арасту айтганидек: «Бахт, қаноат қилган томондадир».