Умуман олганда, ернинг ижараси жоиз. Шофеъийлар ижарага олишдан мақсадни баён қилиш билан ерни ижарага олиш жоиз бўлишини айтишган.
Ерни сув, ўтлоқ, экин ёки шунга ўхшаш бошқа нарса билан бирга қўшиб ижарага олиш борасидаги ҳукмлар қуйида келади:
А. Ернинг сув ёки ўтлоқ билан бирга ижараси
Бу турдаги ижара умумий тарзда иттифоқан жоиз.
Б. Экин экиладиган ерларнинг ижараси
Мазҳаб фақиҳлари ерни экин экиш учун ижарага беришни жоиз дейишган. Жумҳур фақиҳлар ерни тайин қилиш ва миқдорини баён қилишни вожиб эканини айтишган. Шофеъий ва ҳанбалий олимлар ижарага берилаётган ерни кўришни шарт қилганлар. Чунки ердан олинадиган манфаат унинг ҳолати, жойлашган ўрни ва сувга яқинлиги каби жиҳатларга боғлиқ бўлади. Бу нарсалар эса сифатлаш билан эмас, балки ерни бориб кўриш билан билинади.
Моликийлар кўришни шарт қилмаганлар. Уларнинг наздида Ернинг ижараси “Фалон ҳовуз бўйидаги еримдан икки гектарини ёки фалон еримдан ярим гектарини ижарага бердим”, дейиш билан ҳам жоиз бўлади. Мазкур ҳолатда ўша ажратилган миқдор томонини, масалан, денгиз тарафдан, деб тайин қилиши керак бўлади. Экин экиладиган ер унумдорлиги бир хил бўлса, қайси томон эканлигини тайин қилмаслик ҳам жоиз.
Агар ернинг унумдорлигида фарқ бўлса, ижарага берилаётган томонни тайин қилиш лозим бўлади. Бироқ ердан муайян қисмини, масалан, тўртдан бир ёки ярмини ижарага бераётган бўлса, ўша қисм жойлашган томонни тайин қилмаса ҳам ижара жоиз бўлади. (давоми бор)
Манба: “Катта фиқҳ энциклопедияси” асосида тайёрланди