Мақоланинг биринчи қисми: www.islommoliyasi.uz/uz/musoqot-1/
6. Ҳосил тақсимоти
6.1. Ишчи-боғбон ҳосил-мева пайдо бўлган пайтдан бошлаб умумий ҳосилдан ўз улушини олиш ҳуқуқига эга.
6.2. Умумий қоидага кўра (агар томонлар шартномада бошқа нарсани келишмаган бўлса), ҳосил-мева деганда дарахт/бутада ўсувчи барча нарсалар, шу жумладан меванинг барглари ҳам киради (масалан чойнинг гули ва япроқлари, чунки унинг япроқларидан ҳам манфаат олиш мумкин).
7. Фавқулотда ҳолатлар
7.1. Табиий офат туфайли ҳосил етилмаган ёки ҳосил тўлиқ йўқотилган тақдирда, ишчи-боғбон ҳеч нарса олмайди (боғнинг эгаси ўз дарахтлари билан қолади). Агар ҳосилнинг бир қисми талафотга учраса, томонлар ҳосилнинг қолган қисмини шартномада кўрсатилган улушларга мутаносиб равишда ўзаро тақсимлайдилар.
7.2. Агар ҳосил белгиланган муддатда етилмаса, ходим танлаш ҳуқуқига эга: ёки ҳосил пайдо бўлгунга қадар (ҳеч қандай тўловсиз албатта) ишлашни давом эттириш, бу ҳолда у келишув бўйича ҳосилдан ўз улушини олади ёки ишни тўхтатиш, бу ҳолатда у ҳосил етилгандан кейин ҳосил олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади. Агар ишчи-боғбон узрли сабаб билан ишни тўхтатган бўлса (масалан бетоблиги сабаб), у ҳосилдан ўз вазифасини бажарган даври учун улуш олади. Бу давр эса ҳосил етилишининг умумий даврига нисбатан аниқланади. Масалан ҳосил етилишининг умумий даври 6 ой, ишчи-боғбон эса 3 ой ишлаган ва шундан кейин узрли сабаб билан ишини давом эттиролмаган. Демак, у ўзи ишлаган 3 ой ҳисобидан келиб чиққан ҳолда ҳосилдан улуш олади.
8. Учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари юзага келган ҳолатлар:
8.1. Агар дарахтлар мусоқот шартномаси тузган шахсдан бошқа (учинчи) шахсга тегишли эканлиги аниқ бўлса, мевалар боғнинг ҳақиқий эгасига тегишли бўлади, ишчи-боғбон эса у билан шартнома тузган шахсдан (яъни боғ/дарахтларнинг ҳақиқий эгаси бўлмаган шахсдан) шу каби иш учун қанча ўртача хизмат ҳақи тўланса, шунча ҳақ олади. Лекин у ҳосилдан улуш ололмайди. Бироқ, агар ишчи-боғбон боғ/дарахтлар ноқонуний эгаллаб олинганлигини билган бўлса, у ҳолда у иш ҳақи олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади (чунки у ношаръий/ноқонуний иш бўлаётганлигини билиб туриб шу ишга бош қўшган ҳисобланади).
9. Мусоқот шартномасининг бекор бўлиши:
Мусоқот шартномаси қуйидаги ҳолатларда якунланади:
9.1. Ҳосилни етиштириш жараёнининг якунига етиши ва ҳосил тақсимоти амалга оширилиши билан (агар келишув маълум бир мавсум ичида ҳосилни етиштириш билан боғлиқ бўлса).
9.2. Келишилган муддат якунига етиши билан.
9.3. 7.2-бандда кўрсатиб ўтилган қоидаларига мувофиқ ҳосил тақсимлангандан кейин.
9.4. Ишчи-боғбоннинг вафоти ёки шартнома бўйича иш юритувчи муассасанинг тугатилиши, агар шартномада иш учинчи томонга ўтказилиши/топширилиши мумкин эмаслиги кўзда тутилган бўлса. Бу ҳолатда шартнома бекор қилинмайди ва ҳуқуқий ворислар танлов (хияр) ҳуқуқига эга бўлади: ишни келишув шартларига риоя қилган ҳолда тугатиш ёки уни рад этиш (яъни келишувдан чиқиш). Биринчи ҳолатда, ворислар ўзлари ёки учинчи шахсларни ёллаш орқали ишни бажарадилар ва вафот этган ишчи-боғбоннинг (ёки тугатилган ташкилотнинг) ҳосилдаги улушига эга бўладилар. Агар ҳуқуқий ворислар ишни давом эттиришдан бош тортсалар, дарахтлар/боғнинг эгаси ўзи мустақил равишда ёки учинчи шахсларни ёллаш орқали ишни якунига етказади ва ҳосилни олгандан сўнг, ҳуқуқий ворислар (меросхўрлар)га марҳум ишчи-боғбон меҳнат қилган давр учун иш бозорида ўртача қанча ҳақ тўланса шунча иш ҳақи беради. Бироқ, бу тўлов ишчи-боғбоннинг ҳосилдаги улуши қийматидан ошмаслиги керак.
9.5. Мусоқот келишувида кўзда тутилган дарахтларнинг нобуд бўлиши ёки улардан ҳосил олишнинг иложсизлиги оқибатида.
9.6. Келишувда кўзда тутилган мавсум якунига етса ҳам ҳосил олинмаса.
10. Мусоқот шартномасини бекор қилиш:
10.1. Шартнома томонларнинг ўзаро келишуви билан бекор қилинади (яъни ўзаро розилик асосида).
10.2. Дарахт эгаси қуйидаги ҳолларда шартномани бекор қилишга ҳақли:
- агар ишчи-боғбон ўзига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра, масалан, касаллик ва шунга ўхшаш сабабларга кўра ўз ишини бажара олмаса, у ҳақиқатда бажарган ишига мувофиқ шунга ўхшаш иш учун тўланадиган ҳақ олиш ҳуқуқига эга (7.2. бандга қаранг);
- агар ишчи-боғбон узрли сабабсиз, яъни ўз айби билан ишни якунлай олмаса, у ҳолда унинг ўзи шунга ўхшаш иш кўлами учун тўланадиган ўртача ҳақни у билан шартнома тузган боғ эгасига тўлайди ҳамда боғдорчилик соҳаси мутахассисларининг баҳолаши асосида боғ/дарахтлар эгаси кўрган ҳақиқий зарарни қоплайди (агар ишчи-боғбоннинг хатти-ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги оқибатида боғ эгасига муайян зарар етган бўлса).
- агар ишчи-боғбон ишни тарк этган бўлса ва уни ишни бажаришга мажбурлаш имконсиз бўлса.
10.3. Боғ/дарахтлар эгаси боғбонга ишни бажаришга имкон бермаган тақдирда, ишчи-боғбон шартномани бекор қилишга ҳақли (юқоридаги 5.4. бандга қаранг).
11. Мусоқот шартномаси доирасида закот (ушр) тўлови масаласи:
11. Мусоқот битими доирасида олинган хосилдан томонлар (яъни боғ эгаси ва боғбон) ўзларига тегишли қисмидан ушр тўлайдилар. Бунда, суғориладиган ердан олинган ҳосилнинг 1/20 қисми, суғорилмайдиган (яъни табиий равишда суғориладиган) ердан олинган ҳосилнинг 1/10 қисми ушр сифатида ҳақдорларга берилади.
12. Мусоқот шартномасини қўллашнинг замонавий амалиёти:
12.1. Корхоналар ишчи-боғбон вазифасини бажариш мақсадида боғ/дарахтлар эгаси билан шартнома тузишлари ҳамда ишни амалга ошириш учун учинчи шахсларни жалб қилишлари мумкин.
12.2. Корхоналар шунингдек боғ/дарахтлар эгаси сифатида ҳаракат қилишлари ва учинчи шахслар билан боғни парвариш қилиш бўйича шартномалар тузишлари мумкин.
AAOIFI нинг ушбу “Мусоқот” деб аталувчи меъёри Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), “Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси Жаҳонгир Имамназаров томонидан эркин таржима қилинди (эркин таржима деганда асл матннинг сўзма сўз таржимаси эмас, балки унинг мазмун моҳиятини ўқувчиларга етказиб бериш кўзда тутилади).