Муфтий Муҳаммад Тақи Усмоний 1943 йил 5 октябрда (ҳижрий 1362 йил 5-Шаввол) Ҳиндистоннинг Саҳорнафур вилоятига қарашли Девбанд қишлоғида таваллуд топган. Муҳаммад Тақий Усмоний илк илмни оналаридан олади. Оналари у кишига урдучада ёзилган «Бешҳатайи жавҳар» ва «Сўнгги пайғамбарнинг ҳаёти» номли китобларни ўқитади. Ёшлик чоғларида ота-оналаридан урдуча ва форсчани ўрганади.
1958 йилда, Муҳаммад Тақий Усмоний Панжоб вилояти томонидан ўтказилган араб тили имтиҳонидан аъло даражада ўтади. 1959 йилда, у киши Карачидаги Дарул Улум ўқув юртида «Алим» курсини, 1961 йилда эса Карачи Дарул Улум олийгоҳида фиқҳ ва фатвога ихтисослаштирилган махсус курсини тамомлайди. Шунингдек, 1964 йилда Карачи Университетида Иқтисод ва сиёсат факултетида бакалавр, 1967 йилда ҳуқуқ бўйича бакалавр босқичини имтиёз билан якунлайди ва 1970 йилда Панжоб университетида Араб адабиёти бўйича магистрлик даражасини имтиёз билан қўлга киритади.
У киши бир қанча таниқли ислом уламоларидан, хусусан, Муҳаммад Идрис, Муҳаммад Шофи, Қори Муҳаммад Таяб, Рошид Аҳмад Лудианви, Зафар Аҳмад, Муҳаммад Закария, Абдул Фаттоҳ Абу Ғуддадан ҳадис ўргатиш бўйича ижоза олганлар.
Оилалари
Тақий Усмонийнинг силсилалари насаб жиҳатдан Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга бориб тақалади. Бу силсилани аниқлаштирувчи санад бўлмасада, аммо шариат бу хусусда муттасил санадни шарт қилмайди. Тақий Усмонийнинг оталари Муҳаммад Шофи Карачи (Покистон) дорилфунунида муфтий бўлганлар.
Тақий Усмоний оилада беш ака-уканинг кенжасидир.
Акалари:
Тўнғич акалари, Муҳаммад Закий йигитлик пайтларидаёқ вафот этганлар. Муҳаммад Закий шоир бўлган ва урду тилида девонлари бор.
Иккинчи акалари, Муҳаммад Розий Усмоний бўлиб, “Ишоъа” босмахонаси асосчиси.
Учинчи акалари, Валий Розий бўлиб, Карачи университетининг профессори. Сийрат хусусида китоблари бор. Ушбу китоблари учун Валий Розийни Покистон президенти (1978-1988) Зиё ул-Ҳақ мукофот билан тақдирлаган.
Кенжа акалари Муҳаммад Рафеъ Усмоний бўлиб, Карачидаги Дарул Улум университети бошлиғи ҳамда Покистоннинг умумий (бош) муфтийсидир.
Илмий фаолиятлари
Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний сал кам 40 йил давомида турли фанлардан дарс бериб келади. Тақий Усмоний ҳазратлари ислом шариатини ўргатиш ва татбиқ этиш бўйича катта тажрибага эга олим ҳисобланади. Шунингдек, у киши ислом молияси бўйича ҳам таниқли уламолардан саналади.
Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний 80 дан ортиқ китоблар муаллифи бўлиб, улар орасида Қуръони Каримнинг инглиз ва урду тилларидаги тафсирлари ҳамда “Саҳиҳ ал-Бухорий”га ёзилган араб тилидаги 6 жилдли шарҳлари ҳам мавжуд.
Ҳозирги кунда у киши Карачи Дарул Улумда “Саҳиҳ ал-Бухорий”, фиқҳ ва ислом иқтисодиётидан дарс берадилар.
Эътирофлар
Муҳаммад Бушофеъ айтадилар: “Мен бирор кишини Тақий Усмонийдек янги масалаларда, хусусан банк масалаларида аввалги уламолар китоблари билан ҳозиргилар китобини жамлаганини кўрмадим. У зот бирор муаммони ечиш асносида кучли тақво соҳиби эканликлари яққол намоён бўлар эди. Мен Ҳинд қитъасида бу кишидек муаммони ечишда мазҳаблар орасини жамлашдек қобилиятли кишини ҳам кўрмадим”.
У кишининг талабаларидан бўлган муфтий Муҳаммад ибн Адам ал-Кавсарий шундай дейдилар: “Аллоҳ таоло бир солиҳ қулни дунёдан олса, унинг ерига бошқа бир солиҳ кишини келтириб қўяди. Мерос қилиб оладиган бу солиҳ қул ё унга илмда баробар бўлади ёки унга жуда яқин бўлади. Буюк зотлар вафот этганда бошқа буюк зотлар дунёга келади. Масалан, Имом Абу Ҳанифа вафот этганда, имом Шофеъий дунёга келди. Ҳинд қитъасида эса буюк мужаддид шайх мавлоно Ашраф Али Таҳонавий вафот этгандан уч ой ўтиб, бошқа мужаддид Муҳаммад Тақий Усмоний дунёга келди”.
Тақий Усмоний ҳақларида шогирдлари Луқмони Ҳаким бир китоб таълиф этиб, унинг номини “Қози, фақиҳ, даъватчи ва тадқиқотчи Тақий Усмоний”, деб номлаганлар. У Дамашқдаги “Дорул қалам” матбаъасида чоп этилган. Ушбу китоб 144 саҳифадан иборат бўлиб, унда Тақий Усмонийнинг барча шогирдлари, устозлари, китоблари, ишлари ва яшаш жойлари хусусида маълумотлар бор.
Тақдирланишлари
2004 йил март ойида олий мартабали мезбон, шайх Муҳаммад бин Рашид ал Мактум (Дубай валиаҳд шаҳзодаси ва Бирлашган Араб Амирликларининг мудофаа вазири) муфтий Муҳаммад Тақий Усмонийга ислом молияси бўйича қилган хизматлари ва ушбу соҳасидаги ютуқлари учун Дубаи амирлигида бўлиб ўтган энг йирик тадбирлардан бири бўлган Халқаро Ислом молияси форуми муносабати билан махсус мукофот топширди. Бундан ташқари, муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний қуйидаги мукофотлар соҳиби ҳисобданади:
- Иордания қироли томонидан берилган 1-даражали Мустақиллик ордери (2010 йил);
- Ислом бизнеси ва молияси журналининг Ҳаётда эришган ютуқлари учун мукофоти (2011 йил);
- Қирол Абдуллоҳ II мукофоти (Иордания, 2011 йил);
- Ислом Тараққиёт Банкининг Ислом банкчилиги ва молияси бўйича мукофоти (2014 йил);
- Жанубий Осиё Ислом молияси Форуми Ҳаётда эришган ютуқлари учун мукофоти (2016 йил);
- Ислом молияси халқаро ҳисоботи (GIFR) томонидан Глобал ислом молияси саноатидаги энг нуфузли 2-шахс эътирофи;
- Иордания Қироллиги Исломий стратегик тадқиқотлар маркази томонидан тузилган “500 та энг нуфузли мусулмон” рўйхатининг 2020 йилги нашрида 1-ўрин соҳиби;
- Покистон президенти томонидан тақдим этилаган мамлакатдаги энг юксак мартабадаги унвон “Ситараи Имтияз” – “Имтиёз юлдузи” соҳиби.
Ҳозирда эгаллаб турган лавозимлари
Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратлари ҳозирда илмий фаолиятларидан ташқари, қуйидаги лавозимларда ҳам ишлаб келмоқдалар:
- Покистон давлат банки Шариат кенгаши раиси;
- Дарул Улум олийгоҳида Вице-президент ва Шайх ул-Ҳадис;
- Ислом молия муассасалари учун Бухгалтерия ва Аудиторлик Ташкилоти(AAOIFI) Халқаро Шариат стандарт кенгаши раиси;
- Халқаро Ислом фиқҳи академиясининг доимий аъзоси ва Вице-президенти;
- Маккаи мукаррама шаҳридаги “Робитатул оламил исламий” ҳузуридаги Ислом фиқҳи академияси аъзоси;
- 1991 йилдан бери Покистон Ислом иқтисодиёти марказининг раиси;
- Баҳрайн Марказий банки Шариат кенгаши раиси;
- Абу Даби Ислом банки Шариат кенгаши раиси;
- Покистондаги Мезон Банк Шариат кенгаши раиси;
- Баҳрайндаги Халқаро ислом рейтинг агентлиги Шариат кенгаши раиси;
- Карачидаги “Покистон-Кувайт Такафул”да Шариат кенгаши раиси;
- Покистон Ислом пенсия жамғармаси Шариат кенгаши раиси;
- Покистон Халқаро ислом жамғармасида Шариат кенгаши раиси;
- Ислом тараққиёт банкининг бирлашган Шариат кенгаши аъзоси.
Ўтмишдаги лавозимлари
- Покистон Олий судининг Шариат апелляцияси судьяси (1982-2002);
- Покистон Федерал Шариат судининг судьяси (1980-1982);
- Карачининг Синдикат университети аъзоси (1985-1988);
- Исломободдаги Халқаро ислом университети бошқарувчилар кенгаши аъзоси (1985-1989);
- Халқаро ислом иқтисодиёти институти аъзоси (1985-1988);
- Ислом мафкураси кенгаши аъзоси (1977-1981);
- Исломободдаги Халқаро ислом университетининг Васийлик Кенгаши аъзоси, (2004-2007).
- Покистон иқтисодиётини исломлаштириш бўйича комиссия аъзоси.
Муҳаммад Тақий Усмонийнинг иқтисодиётга оид қуйидаги китоблари мавжуд:
- Ислом молиясига кириш (An Introduction to Islamic Finance, инглиз тилида);
- Тўртта мазҳаб бўйича Савдо фиқҳи (Фиқҳул-буюъ ъалал-мазаҳиб ал-арбаъа, араб тилида);
- Замонавий фиқҳий масалалар бўйича тадқиқотлар (Буҳус фий қазоё фиқҳийя муъосира, араб тилида);
- Рибо бўйича тарихий ҳукм (The Historic Judgement on Interest, инглиз тилида)
- Ислом банклари тарихига бир назар (урду тилида)
- Ислом ҳамда замонавий иқтисод ва савдо (урду тилида)
- Ислом ва замонавий иқтисодий масалалар (урду тилида)
- Фоизсиз банк масалалари бўйича тадқиқотлар ва муаммолар (урду тилида);
- PLS (Profit&Lost sharing) ҳисобининг ҳақиқати (урду тилида)
- Фоизга асосланган тизимнинг камчиликлари ва унинг муқобили (урду тилида);
- ва бошқалар.
Аллоҳ таоло устоз, муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратларини ўз паноҳида асрасин, илмлари орқали умматга бунданда кўп манфаатлари етишини насиб этсин, илоҳим.