Ижодий иқтисодиётнинг ривожланишига таъсир кўрсатувчи омиллар
Оммавий равишда интернет тизимидан фойдаланиш
Дунё аҳолисининг кўпчилиги ҳар куни соатлаб вақти интернет тармоғида ўтмоқда ва бу жараён кучайиб бормоқда. “Онлайн” ҳаёт тарзи эса “ижодий иқтисодиётнинг” ўсиши учун кўплаб имкониятлар тақдим этмоқда: турли хил маълумотни “кўрдим демасдан ҳазм қилаётган” миллионлаб инсонларни қамраб олган жуда катта аудитория, янги ғоя ва контентларга бўлган эҳтиёжнинг ўсиши.
Ғояларни “ишлаб чиқиш” ва уларни ”сайқаллаш” жараёнинг осонлашиши
“Сунъий тафаккур” каби хилма-хил янги технологияларнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши билан ижодий контент яратиш ва инновациялар учун имкониятлар ортиб бормоқда.
Ғояларни пуллар (ёки “нақдлаштириш”) усулларининг ортиши
Ҳар йили турли йўналишларда ғоялар ва ноёб контентни нақдлаштиришнинг тобора кўпроқ усуллари ишлаб чиқилмоқда, бу эса ғояларга инвестициялар ҳажмининг ўсиб боришига ёрдам бермоқда.
Бозор етакчиларининг пайдо бўлиши
Креатив иқтисодиёт бозори ҳали бошланғич босқичда бўлиб, ундаги қоидалар энди шаклланаётган бир пайтда, аллақачон ушбу иқтисодиёт етакчилари пайдо бўлиб улгуришди ва улар ўртасидаги рақобат табиий равишда бутун бозорнинг ривожланишига туртки бермоқда.
Бу йўналишда пул ишлаш имкониятлари ҳам кўп. Улардан баъзиларини санаб ўтамиз:
• Ноёб/камёб контент яратиш
Бундай контент мунтазам равишда ўз обуначилари учун қизиқарли бўлган ноёб/камёб контент (мавзу/йўналиш) яратадиган блоггерлар/мутахассислар томонидан амалга оширилади. Контент ҳар қандай бўлиши мумкин: Инстаграмдаги фотосуратлардан тортиб фильмларнинг видео шарҳларигача, ҳаётдан кичик эслатмалардан тортиб китоблар таҳлилигача.
• Ишни ташкил қилиш (продюсерлик)
Ташкилотчилар (яъни продюсерлар)нинг асосий иши ғояларни керакли йўналишда ривожлантириш, оммалаштириш ва якунида нақдлаштиришга ёрдам беришдир.
• Шахсий ном (бренд)ни ривожлантириш/танитиш/оммалаштириш
Баъзида талабгир ва омма учун қизиқарли бўлган контент инсоннинг шахсияти бўлиши мумкин. Бундай шахслар, уларнинг обуначилари сони маълум бир нуқтага етганда, қовурилган товуқ қанотларини ёки пиццани реклама қилиши ёки ҳатто ўзининг шахсий криптовалютасини яратиши мумкин. Улар қўл урган ҳар бир нарса тижорий нуқтаи назардан муваффақиятли бўлади. Албатта, бу ўз-ўзидан бўлиб қолмайди, балки муайян давр (гоҳида бир неча йил) ичида шу йўналишда мақсадли ҳаракат қилган бир гуруҳ жамоанинг жиддий меҳнати эвазига эришилади. Бундан ташқари бундай муваффақият нафақат жиддий меҳнат, балки бошқа бир нечта омилларнинг мос келишини талаб қилади.
• Ижодкор (creator)лар жамоасида ишлаш
Ғояни ривожлантириш учун билим ва энг яхши кўникмалардан фойдаланган ҳолда стартаплар жамоасида (ёки блоггерлар жамоасида) ишлаш самаралироқ бўлади ва тезроқ натижа беради.
• Ғояларни тарқатиш/оммалаштириш/тарғиб қилиш
Бу эрда биз ғояларни тарқатиш ва тарғиб қилишга ёрдам берадиган “қўллаб-қувватловчи саноат” ҳақида эслатиб ўтамиз. Бундай “қўллаб қувватловчи саноат”га реклама, маркетинг, СММ, PR ва бошқалар киради.
• Ғояларни амалга ошириш учун инвестициялар жалб қилиш
Маслаҳатчилар ва воситачилар хизматлари тобора оммалашиб бормоқда, уларнинг ёрдамида контент яратувчилар ишончли молиялаштириш манбаларини топадилар.
Хўп, ижодий иқтисодиёт бизга нима беради?
Илгари, ҳар қандай соҳада янгилик яратувчиларга осон бўлмаган (жуда қийин бўлган дейиш ҳам мумкин). Аммо ижодий иқтисодиёт пайдо бўлиши билан ҳамма нарса тез ўзгариб бормоқда. Бугунги кунда шундай мутахассис-ижодкорлар борки, улар ўз уйларида ўтириб олиб, ўзига ишончи юқори бўлмаган “даҳоларга” уларнинг оддий, лекин чинакам ажойиб ғояларни амалга оширишга ёрдам берадилар.
Жаҳонгир Имамназаров, “Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси, иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
(давоми бор)