Ижодий бизнес – бу даромад олиш учун янги ғоялардан фойдаланадиган ташкилот/корхона. Стартаплар айнан ижодий бизнесга алоқадор.
Ижодий иқтисодиёт воситалари – бу тегишли дастурлар таркиби (“контент”)ни шакллантириш, таҳрир қилиш, тарқатиш ва якунида ўз ташкилотчиларига пул ишлаш (монетизация)га ёрдам берадиган барча турдаги хизматларни ўз ичига олади. Масалан:
• Тасвирларга ишлов беришга, видео ёки аудио ёзувларни таҳрир қилишга, муҳандис-меъмор (архитектор)ларнинг чизмаларини чизишга ва уларни такомиллаштиришга ёрдам берувчи турли IT дастурлар (Adobe Photoshop, Autodesk BIM 360);
• ишлаб чиқилган дастурларни жойлаштириш учун керак бўладиган медиа платформалар (YouTube, Instagram, Tik-Tok…);
ҳамда
• ишлаб чиқилган дастурлар орқали маблағ ишлаш (монетизация қилиш) хизматлари (Patreon, Kickstarter, lava.top, Boosty).
Ижодий иқтисодиётнинг асосий бўғини бу “ижодкорлар” (инглизча creators) – янги ғояларни ишлаб чиқарувчи ва амалга оширувчи мутахассислар. Улар ижодий иқтисодиётда етакчи мавқеъга эга. Чунки кўпчилик миясига келган ғояни нима қилишни, уни рўёбга чиқаришни билмайди. “Ижодкорларсиз”, энг қимматли ва ноёб ғоя ҳам амалга ошмай қолиш эҳтимоли катта.
Ижодкорлар атрофида қўллаб-қувватловчи инфратузилма ҳам бор албатта:
•ғояни ишлаб чиқиш, уни шакллантиришга ёрдам берувчи ташкилотлар (масалан “инкубаторлар”);
•ғояни муайян даражада шакллантириб бўлгач, уни илгари суриш (уни PR қилиш)да ёрдам берувчи ташкилотлар (маркетинг агентликлари, СММ мутахассислари ва бошқалар);
•ғояларни монетизация қилишда ёрдам берадиганлар (бу тўғридан-тўғри инвесторлар ҳам, керакли ҳомийлар/сармоядорларни топишга ёрдам берадиган воситачилар ҳам бўлиши мумкин).
•шунингдек, бевосита сармоядорларнинг ўзлари.
Ғоя/контент қўллаб-қувватланадими ёки йўқми, у юзлаб, минглаб ёки ҳатто миллионлаб одамларнинг эътиборини ўзига тортадими, бу асосан “ижодкорлар” ва қўллаб-қувватловчи инфратузилма саъй-ҳаракатларига боғлиқ. Агар ҳамма нарса амалга ошса, ғоя рўёбга чиқади ва бу ўз моддий ва маънавий натижаларини беришни бошлайди.
Сўнгги йилларда ғоялар бозори барча йўналишларда ўсиб бормоқда. Бугунги кунда замонавий инсонлар ҳаётига таъсир ўтказувчи шахсни инглиз тилида influencer деб аташади. Биз бу сўзни ўзбек тилига “таъсир ўтказувчи” деб таржима қилдик. Бундай шахслар ҳар қандай соҳа вакиллари бўлиши мумкин, асосийси улар минглаб ва хатто миллионлаб одамлар, биринчи навбатда ёшларга ўз таъсирини ўтказишади (таъкидлаш лозим, бу таъсир доим ҳам ижобий бўлавермайди, шу сабабли биз бунга эътиборли бўлишимиз зарур). Таъсир ўтказувчи шахсларнинг ҳам ижодий иқтисодиётда ўз ўрни бор. Контент ишлаб чиқарувчи “ижодкор” баъзида таъсир ўтказувчиларга айланишади. Нима бўлганда ҳам бу “бозор” ўсиб бормоқда. SignalFire (стартапларни молиялаштириш билан шуғулланувчи технологик компания) маълумотларига кўра, бугунги кунда дунёда 50 миллиондан ортиқ одам аллақачон ўзларини “ижодкорлар” деб аташади. Биргина Patreon платформаси (ижодкорларни сармоядорлар билан боғлаш хизмати кўрсатувчи компания) орқали “ижодкорлар” бир йилда 20,85 миллион доллар пул топишган.
Йирик корпорациялар ҳам (масалан, Мета ва ТикТок) бу йўналишда орқада қолмаслик учун энг яхши контент яратувчиларни молиявий рағбатлантириш учун ўз жамғармаларини яратдилар.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Савдо ва Тараққиёт Конференцияси (ЮНКТАД) ҳисоб-китобларига кўра, 2020 йилда дунёда ижодий маҳсулотлар экспортининг улуши умумий маҳсулотлар экспортининг 3 фоизини, хизматлар экспортининг эса 21 фоизини ташкил этган. Бу жуда катта рақамлар.
Ҳар қандай ёмон нарсанинг бир яхши томони бўлади дейилганидек, COVID-19 пайтида айнан ижодий хизматлар йўналиши жиддий ривожланган ва 2020-йилда “ижодий” хизматлар экспорти 1,1 триллион долларга етган.
Ушбу ташкилот томонидан 33 аъзо давлат ўртасида ўтказилган сўровномага кўра, ижодий иқтисодиётнинг ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий аҳамияти тобора ортиб бормоқда.
Жаҳонгир Имамназаров, “Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси, иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
(давоми бор)