Савол: Ижарага бераётган одам шу мулкнинг эгаси бўлиши шартми ёки йўқми?
Фиқх қоидаларига кўра ижара берувчи ижарага берилаётган мулкнинг эгаси бўлиши ҳам, бўлмаслиги ҳам мумкин. Аммо ижара берувчи шу мулкдан эркин фойдаланиш хуқуқига эга бўлиши керак. Масалан, унинг ўзи мулкни ижара олган ҳолда, шу мулкни яна бошқа бировга ижарага бериши мумкин. Фақат унинг ўзи билан тузилган ижара шартномасида ижарага берилаётган мулкни бошқа бировга ижарага бериш мумкин эмас ёки бунинг учун мулк эгасининг розилигини олиш керак деган шарт бўлмаса бўлди.
Хулоса қилганда, ижарага берувчи шу мулкнинг эгаси бўлиши шарт эмас, фақат шу мулкдан фойдаланиш хуқуқига эга бўлса бўлди (яъни, унда шу мулкдан келадиган манфаатга эга бўлиш ҳуқуқи бўлиши керак).
Савол: Мева-чеваларни (ҳўл ва қуруқ) ижарага бериш мумкинми?
Мулк ижарасининг асосий шартларидан бири, ижарага олувчи шу мулкдан фойдаланиш орқали манфаат топиши керак ва бунда ижарага берилган мулк ўз шакли-шамойили ва асосий амалий хусусиятларини сақлаб қолиши керак.
Табиийки мева-чева ижарага олинганда улар истеъмол қилиниши натижасида ўз шаклини йўқотади, яъни мева-чевадан фақат уларни истеъмол қилиш (еб тугатиш) орқали манфаат олиш мумкин. Айнан шу сабабли ўзи истеъмол қилинадиган ва бунинг натижасида йўқ бўлиб кетадиган нарсалар (озиқ-овқат маҳсулотлари, бензин каби) ижарага берилиши мумкин эмас.
Ушбу мавзу AAOIFI – ислом молияси соҳасида халқаро стандартларни ишлаб чиқиш билан шуғулланувчи етакчи ташкилотнинг 9-сонли стандартида ёритилган.
Эслатиб ўтамиз, Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний 2019 йилнинг апрель ойида Ўзбекистонга ташрифи вақтида AAOIFI стандартларини ўрганиш ва жорий этиш зарурлиги тўғрисида гапирган эди.