Биткоин ҳақида одамларда саволлар кўп… “у ислом молияси нуқтаи назаридан пул бирлиги ҳисобланадими ёки у облигацияга ўхшаган қимматбаҳо қоғозми, унинг олди-сотдиси шариат нуқтаи назаридан ҳалолми ёки йўқми, баъзи уламолар ножоиз, қайсидир уламолар уни пул бирлиги деган фикрни билдиришибди, уларни қайси бирини гапини олиш керак, бизни уламолар бу ҳақда нима дейишади” ва ҳ.к.з…. Бизга ҳам гоҳида бу ҳақда савол бериб туришади.
Шу баҳона биткоин ҳақидаги баъзи мулоҳазаларимизни сизлар билан бўлишишга қарор қилдик. Маълумки, динимизда нафақат ҳаромдан, балки шубҳали нарсалардан ҳам узоқ бўлиш буюрилган (шу ўринда динимизнинг мадори бўлган машҳур ҳадисни ёдга оламиз). Биткоин эса бизнинг назаримизда анча шубҳали нарса. Хусусан:
- Унинг асосчиси Сатоши Накамото исмли шахс ҳисоблангани билан, у ҳақда тўлиқ маълумот йўқ, ҳатто бу бир шахс ёки гуруҳ эканлиги ҳам ҳанузгача аниқ эмас (лекин бизнинг фикримизча у битта шахс бўлиши даргумон). Шуни ўзи ҳам шубҳа туғилиши учун етарли, чунки бирор бир пул бирлиги, қимматбаҳо қоғоз ёки инновацион маҳсулот ўйлаб топган шахс уни бемалол тарғиб қилиши, мутахассислар саволларига жавоб беришида муаммо бўлмаслиги керак.
- Биткоин нима мақсадда чиқарилганлиги аниқ эмас, унинг таснифи ҳам турлича. Ҳар хил мутахассислар уни турлича таснифлайдилар, кимдир уни криптовалюта деб атаса, бошқаси виртуал валюта дейди, яна кимдир уни рақамли валюта деса, бошқалари электрон пул бирлиги дейишади. АҚШда эса у оддийгина мулк сифатида кўрилади. Биламизки, ислом иқтисодиётида пул мустақил маҳсулот эмас, балки қиймат ўлчовчи, маҳсулотлар айирбошлашда иштирок этувчи ҳамда бойлик жамғариш воситаси ҳисобланади. Биткоин эса бугунги кунда асосан маҳсулот вазифасини бажармоқда ва чайқов воситаси сифатида фойдаланилмоқда;
- Турли сабабларга кўра қайсидир мамлакатлар ўз миллий валюталари билан бир қаторда Биткоинни ҳам пул бирлиги сифатида расман қабул қилишган бўлса (Бразилия, Марказий Африка Республикаси, Сальвадор), бошқаларида у ҳукумат назоратида бўлмаганлиги учун ёки бошқа сабаблар билан расман тақиқлаган (Вьетнам, Непал, Покистон, Эквадор);
- Расман ҳеч қандай давлат назоратида бўлмагани ва уни ҳеч қайси ҳукумат тўлиқ кафолатламагани учун Биткоин дунё хуфиёна иқтисодиётини ривожлантиришга хизмат қилади, деган фикрлар ҳам бор. Масалан, Индонезия ҳукумати бундай назорат остида бўлмаган рақамли пул бирликлари ноқонуний йўллар билан топилган бойликларни “ювиш”/уларни қонунийлаштиришда ҳамда жиноятчилик ва терроризмни молиялаштиришда фойдаланилади деган сабаб билан уни тақиқлаган;
- Биткоин нархининг тебраниши жуда юқори. Масалан, АҚШдаги сайловлардан олдин (03.10.2024й.) унинг нархи 60 минг АҚШ долларига тенг бўлган бўлса, сайлов ўтган кунга келиб унинг нархи 76 минг АҚШ долларига етди. Бу эса, унинг дунёда (аниқроғи, иқтисодий жиҳатдан етакчи мамлакатларда) юз бераётган турли даражадаги ўзгаришларга нисбатан сезувчан эканлигини билдиради. Биткоиннинг бу хусусияти (иллати/камчилиги дейилса тўғрироқ бўлса керак) молиявий чайқовчиларга жуда қўл келади (аслида уни шундай бўлишига сабаб бўлган молиявий чайқовчиларми ёки аксинча у шундай бўлганлиги учун молиявий чайқовчилар уни яхши кўришадими, буни аниқ айтиш қийин);
- Баъзи иқтисодчилар Биткоин аслида ҳеч қандай қийматга эга эмас ва у молиявий пуфак холос, дейишади. Масалан, 2013 йилда иқтисодиёт бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлган олим Роберт Шиллер Биткоин чайқов пуфагининг аксар кўринишларини ўзида намоён қиляпти, деб ҳисоблайди. Умуман олганда, Биткоиннинг ҳолати ҳеч бир давлатнинг иқтисодиётига боғлиқ бўлмаган ҳолда (яъни бир вақтнинг ўзида), у дунёда юз бераётган турли даражадаги сиёсий-иқтисодий ўзгаришларга нисбатан ўта сезувчан эканлиги, Биткоинни қайсидир маънода молиявий пуфак деган фикрга қўшилишга ундайди;
- Турли ҳисоб китобларга кўра, 2021 йилда биткоинларни ишлаб чиқариш учун бутун дунёда сарфланган электр қуввати 121,36 тераватт-соатга тенг бўлган. Бу эса, аҳоли сони 47 миллионга тенг бўлган Аргентина каби катта давлатнинг бир йиллик истеъмолидан кўп. 2021 йилнинг баҳоридан бошлаб Хитойнинг турли вилоятларида электр таъминоти билан муаммолар чиқишини олдини олиш мақсадида криптовалюталар ишлаб чиқаришга тақиқлар қўйила бошлади. Ўша йилнинг июль ойига келиб 90% криптовалюта ишлаб чиқарувчилар ўз фаолиятини тўхтатиб бошқа мамлакатларга чиқиб кетишга мажбур бўлишди. Демак, биткоин ишлаб чиқариш жараёнининг бевосита атроф-муҳитга салбий таъсири ҳамда инфратузилмага босими жуда юқори.
Юқорида айтиб ўтилганларни инобатга олган ҳолда, Биткоинни шубҳали актив деб аташ тўғри бўлса керак.
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)