Бугунги кунда ахборот ва унинг манбалари жуда кўп, устига устак сунъий тафаккур чиқиб иш янада мураккаблашди. Илгари маълумот топиш қийин эди, энди эса маълумот шу даражада кўпки, уни сарагини саракка, пучагини пучакка ажратиш қийин бўлиб қолди. Нима бўлганда ҳам бугунги кунда биз маълумот масалаласида жуда эҳтиёт бўлишимиз керак. Аллоҳнинг Китобида бу масалада ҳам оят бор (алҳамдулиллаҳ):
Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, билмай бир қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар (Ҳужурот сураси, 6-оят)
Аллоҳнинг ушбу ояти бор, уни ўқиймиз, лекин афсуски кўпчилигимиз унинг устида тафаккур қилмаймиз. Бошқа кўп сабаблар қаторида, бизнинг маълумотларга танқидий кўз билан қарамаслигимиз, муаммолар устида (уларнинг илдизига етиб бориш даражасида) бош қотирмаслигимиз, жиддий тафаккур қилмаслигимиз сўнгги бир неча аср давомида биз мусулмонларни ривожланишда анча орқада қолишимизга сабаб бўлди, деб ўйлаймиз.
Бугунги кундаги мавжуд ҳолат:
Хатолар занжири
А сайт Б сайтдан кўчиради, Б сайт эса В сайтдан кўчирган. Демак, агар В да хато бўлса ҳамма хато маълумот тарқатади. Асл манба йўқ. Ҳолат, “бузуқ телефон” ўйинини эслатади: бир сайтдан иккинчи сайтга етиб боргунча маълумот ўзгариб боради, учинчисида масалани моҳияти йўқолади, тўртинчисида эса у маълумот “туққан онаси” танимайдиган аҳволга етади.
Маълумотни тақдим қилишда тез-тез учрайдиган хатолар:
- “Олимлар аниқладилар…” — қайси олимлар?
- “Тадқиқотлар кўрсатди…” — қайси тадқиқотлар?
- “Статистикага кўра…” — қайси статистика кўра, ўша статистикани манбаси қани?
- “Эксперт фикрича…” — ким у эксперт?
2012 йилда ислом молияси бўйича бир мақолам Германияда чоп этилган, унгача эса деярли 1 йил давомида мақолани илмий тўплам доирасида чоп этган нашр, аниқроғи ноширлар билан ёзишма бўлган, чунки улар мен ёзган ҳар бир жумлани токи уларда савол қолмагунча аниқлаштиришган. Хуллас, илмга бўлган муносабатни улардан ўрганса бўлишига яна бир бор амин бўлганман.
Маълумот шундай тақдим қилиниши керакки, уни ўқиган одам ўша маълумотни қийинчиликсиз текшириб кўриш имкони бўлсин, ким, нима, нима учун, қаерда, нима сабабдан, нима муносабат билан, деган саволлар қолмасин. Албатта бу қийин, лекин шундай қилинсагина биз ўсамиз. Илмга, маълумотга айнан шундай муносабат бўлгани учун бўлса керак Имом Бухорий ва Имом Термизийлардан (Аллоҳ уларни раҳматига олган бўлсин) келган маълумотларга асрлар ўтиб ҳам эътироз йўқ. Акс ҳолда, ҳар қандай масалага танқидий кўз билан қарайдиган Ғарб олимлари уларни асарларини авра астарини чиқариб ташлаган бўларди. Валлоҳу аълам.
Энди, тўғри ёндашув қандай бўлиши кераклигини кўриб чиқамиз
Илмий изланувчиларга тегишли:
- Нашр номи;
- Муаллиф исми шарифи;
- Чоп этилган йили;
- Саҳифаси (бутун ишни вароқлаб вақт йўқотмасдан, тегишли саҳифани дарров топиш учун)
- DOI рақами (бу илмий мақола, китоб ёки тадқиқотнинг интернетдаги паспорти. Ҳар бир илмий ишга берилган уникал, ўзгармас рақам/код);
- Ҳаволаси (URL).
Журналистларга тегишли
- Асл манбани текшириш;
- Маълумотдан фойдаланишдан ва уни ўқувчиларга тақдим этишдан аввал бир нечта манбадан текшириш (cross check).
- Манбага (расмий сайтларга) ҳавола бериш;
- “Олимлар айтишича” деб ёзмасдан, ўша олимнинг исм шарифини ваимкон бўлса илмий даражасини кўрсатиш;
- Тадқиқотларга кўра деб ёзмасдан ўша тадқиқотларга ҳавола бериш ёки ўша тадқиқотлар манбасини кўрсатиш.
Ўқувчиларга тегишли
- Манбасиз маълумотга эҳтиёт бўлиш;
- Имкон қадар расмий манбалар (сайтлар)дан фойдаланиш;
- “Ким ёзган, қаерда ёзилган, қачон ёзилган, нима мақсадда, нима масалада ёзилган..”, каби саволларни қўйиш;
- Маълумотларни текшириш (масалан интернет қидирув хизмати орқали).
Масалага шундай ёндашув шаклланса
- Танқидий фикрлаш кучаяди;
- Илмий савия ўсади;
- Ахборот сифати яхшиланади;
- Миллат, уммат ривожланади.
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси
