ШАРЪИЙ МЕЪЁР №14
АККРЕДИТИВ
Муқаддима
Ушбу меъёрнинг мақсади ҳужжатли аккредитивлар, уларнинг хусусиятлари, ҳукмлари ҳамда Ислом молия муассасалари томонидан улардан фойдаланишга тегишли шаръий кўрсатмаларни баён этишдан иборат.
Меъёрнинг матни
1. Меъёрнинг қамрови (амал қилиш доираси)
Ушбу меъёр муассасалар томонидан мижозларининг талаби асосида ёки муассасанинг ўз ташаббусига биноан очиладиган/расмийлаштириладиган ҳужжатли аккредитивларни қамраб олади. Шунингдек меъёр ҳужжатли аккредитивларнинг барча турларини, уларнинг шаклларини ва амалга ошириш босқичларини ҳамда аккредитив иштирокчилари ўртасида юзага келадиган муносабатларни ўз ичига олади.
2. Ҳужжатли аккредитив тушунчасининг таърифи, унинг турлари ва хусусиятлари:
2/1 Ҳужжатли аккредитив тушунчасининг таърифи:
Ҳужжатли аккредитив – бу банк (эмитент деб аталади) томонидан сотувчига (бенефициарга) харидор (аризачи ёки буюртмачи) нинг аризасига биноан унинг кўрсатмаларига мувофиқ бериладиган ёзма мажбурият ёки банк ўз ташаббуси билан тақдим этадиган мажбурият бўлиб, унинг мақсади муайян муддат давомида белгиланган миқдор чегарасида тўловни амалга ошириш (яъни нақд тўлов ёки векселни қабул қилиш ва/ёки уни чегирма (дисконт) қилиш)дан иборат бўлиб, бунда маҳсулотга тегишли ҳужжатлар аккредитив шартларига мувофиқ етказиб берилиши шарт.
Мухтасар қилиб айтганда, ҳужжатли аккредитив – бу тегишли ҳужжатлар келишилган талабларга/ талаб/кўрсатмаларга мувофиқ бўлиш шарти билан тўловни амалга ошириш бўйича банк мажбуриятидир.
2/2 Ҳужжатли аккредитивнинг (ижроий) босқичлари:
2/2/1 Аккредитив билан кафолатланган/тасдиқланган шартнома босқичи: Бу аккредитив очилишидан олдинги босқичдир. Ушбу шартнома, одатда, олди-сотди шартномаси бўлади ва унда сотувчи харидорга маҳсулот нархини ҳужжатли аккредитив орқали тўлов қилиш шартини қўяди. Шунингдек, мазкур шартнома (нафақат олди-сотди, балки) ижара, тўловга асосланган вакиллик ёки бошқа турдаги шартномалар ҳам бўлиши мумкин.
2/2/2 Аккредитив очиш учун ариза бериш/мурожаат босқичи: Бу босқичда харидор сотувчига тақдим этиш учун банкдан аккредитив очишни сўрайди.
2/2/3 Аккредитивни чиқариш ва уни тақдим этиш/етказиш босқичи: Бу босқичда банк ҳужжатли аккредитивни чиқаради ва уни сотувчига бевосита ёки воситачи банк орқали юборади.
2/2/4 Аккредитивни амалга ошириш/бажариш босқичи: Бу босқичда бенефициар (маҳсулот етказиб берувчи/сотувчи) аккредитивда кўрсатилган ҳужжатларни банкка тақдим этади. Банк ҳужжатларни аккредитив шартларига мувофиқлигини текширади. Агар ҳужжатлар мос келса, банк уларни қабул қилади ва аккредитивни амалга оширади. Шундан сўнг, агар харидор муассасанинг ўзи бўлмаса, банк харидордан тўлиқ аккредитив қийматини ёки белгиланган муддатда тўлаш мажбуриятини олгандан сўнг харидорга маҳсулотни олиши учун ҳужжатларни тақдим этади. Аммо агар ҳужжатлар аккредитив кўрсатмаларига мос бўлмаса, банк уларни рад этиш, қабул қилиш ёки уларни ўзгартиришни талаб қилиш ҳуқуқига эга.
2/2/5 Корреспондент банклар ўртасидаги ҳисоб-китоблар: Агар аккредитивни амалга оширишда бир нечта банк иштирок этса, улар ўртасидаги ҳисоб-китоблар олдиндан келишилган қоидаларга мувофиқ тарзда амалга оширилади.
(давоми бор)
Таржимон:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси