Ассалому алайкум!
Америкалик машҳур миллиардер, нафақат бойлиги, балки бизнесда мулоҳазокорлиги сабабли тўғри қарорлар қабул қилиши ва камтаринлиги билан танилган Warren Buffett нинг қуйидаги фикрлари бизнинг назаримизда эътиборга молик. Зеро, ушбу фикрлар бизнинг динимиз талабларига ҳам мос (шу нуқтаи назардан келиб чиққан ҳолда Warren Buffettнинг эътиборга молик фикрларини аввал ҳам бир икки марта берган эдик).
Warren Buffett: Муваффақиятли одамларни фақат орзу қилиб ўтиришдан нарига ўтмайдиганлардан ажратиб турадиган битта жиҳат бор.
Integrity, яъни ҳалоллик/ахлоқ (рус тилида порядочность) — Уоррен Баффеттнинг наздида шундай жиҳатки, у муваффақиятнинг калити фақат ҳалол/ахлоқли/қадриятли одамлар билан ишлашда деб ҳисоблайди. У бир куни шундай деган:
«Ҳалол бўлмаган одамни ишга олганингиздан кўра, ялқов ва нодон одамни ишга олганингиз маъқул».
Инглиз тилидаги Integrity сўзининг маъносини битта “ҳалоллик” сўзи билан ифодалаб бўлмайди деб ҳисобладик. Зеро, бу сўз маъно жиҳатдан ҳалоллиқ, ахлоқ, инсоф сўзларини бирлашмаси, йиғиндиси дейиш мумкин.
Бу гап бироз қаттиқ туюлиши мумкин, аммо у жуда муҳим нуқтага эътибор қаратмоқда. Ақлли ва ғайратли, аммо ҳалолликдан маҳрум одам катта зарар етказиши мумкин. Улар ўз қобилиятларини жамоа манфаати ёки умумий мақсад йўлида эмас, балки ўз шахсий манфаатлари йўлида ҳар қандай қулай вазиятдан ёки одамлардан фойдалиш (манипуляция қилиш) учун ишлатиши мумкин.
Шунинг учун раҳбарлар ходимлардан фақат тажриба, маҳорат ёки ижодкорликни кутишлари керак эмас.
Муваффақият ва ҳалоллик — бир-биридан ажралмас тушунчалар.
Етакчиликда хатарли бир афсона бор: гўё натижаларнинг ўзи муваффақиятни белгилайди. Аммо агар ўша натижалар ишончни бузиш, қоидаларни бузиш ёки бошқаларни эзиш орқали қўлга киритилса, бу “муваффақият” узоққа бормайди — ва обрўингиз ҳам шундай.
Энг кучли етакчилар бу ёндашувни билган ҳолда ўз жамоаларида катта натижаларга эришганлар:
- Сатья Наделла (Microsoft): ички рақобатга асосланган шафқатсиз муҳитни ҳамкорликка асосланган кучли маданиятга айлантирди, ишонч ва ҳамдардлик инновация ва фойда олиб келиши мумкинлигини амалда исботлади.
- Индра Нуйи (PepsiCo): «Мақсад билан ишлаш»ни асосий стратегия қилди, компания ўсишини ижтимоий масъулият ва ахлоқий тамойиллар билан уйғунлаштирди ва у ҳам ўз корхонасида катта натижаларга эришди.
Ҳар икки ҳолатда ҳам ҳалоллик шунчаки “бўлса яхши” нарса эмас, балки ўсиш стратегияси эди. Ушбу етакчилар узоқни кўзлаб иш қилдилар: чунки одамлар ўз раҳбарлари/етакчиларига ишонганда, сиз билан узоқ йўл босадилар, яхшироқ меҳнат қиладилар ва узоқ вақт бирга қоладилар.
Маданиятингизни асранг
Сиз ҳалоллик/инсофга асосланган очиқлик муҳитини яратиш учун қаттиқ меҳнат қилдингиз. Яъни ходимларингиз “ҳеч ким кўрмай турганда ҳам ҳалол ишлашади”. Энди энг қийин қисми: сиз корхонада узоқ муддат давомида қурган ахлоқий тизимни, уни бузувчилардан қандай ҳимоя қилиш. Бунинг йўли — жамоангизнинг ахлоқий йўналишини мустахкам ушлаб турадиган тизим қуриш. Бунинг баъзи йўллари қуйидагилардир:
- Фақат қобилиятни эмас, балки ходимнинг табиати (характери)ни ҳам ўрганинг.
Ишга қабул қилишда унинг маълумотномаси (резюме/CV)ни бир четга қўйинг. Ундан ҳаётда учрайдиган турли зиддиятли ҳолатларда нима қилиши ҳақида сўранг (яъни у шундай вазиятларда қандай йўл тутишини ўрганинг). Ундаги масъулият ва узоқни кўра билиш жиҳатларига эътибор қаратинг.
- Ишончни самарадорлик мезони сифатида илгари суринг.
Ходимларни фақат иш натижаси учун эмас, балки уни қандай йўл билан қўлга киритгани учун ҳам мукофотланг. Ҳамкорлик, очиқлик ва ҳисобдорликни эътироф этинг ва буни тақдирланг.
- Ҳалоллик/инсоф тамойиллари бузилганда тезкор ҳаракат қилинг.
“Натижа олиб келдику” деб нотўғри хатти-ҳаракатга кўз юмишдан кўра ишончни тез йўққа чиқарадиган нарса йўқ. Жамоа аъзолари буни кўради — ё улар ҳам шу йўлдан юришади (яъни натижа бўлса бўлди экан, қандай йўл билан бу натижага эришиш муҳим эмас экан, деган хулосага келишади), ёки жамоани тарк этиб кетишади (чунки аксарият учун муҳит жуда муҳим аҳамият касб этади).
- Ўзингиз кутган нарсани намоён қилинг.
Етакчилар корхонадаги об-ҳавони белгилашади. Сизнинг қарорларингиз (ҳатто арзимас кичик ҳолатларда ҳам), одамларга ҳалоллик/ростгўйлик ҳақиқатан ҳам қадрланишини ёки бу шунчаки девордаги шиорлигини кўрсатиб беради.
Хулоса
Маҳоратни (яъни касб сир-асрорларини) ўргатиш мумкин. Мақсадга интилишни илҳомлантириш мумкин. Аммо одамнинг қадриятлари чатоқ бўлса, ундай одамсиз ишлаганингиз маъқул.
Чунки етакчиликда ҳам, ҳаётда ҳам: инсон табиати / хулқи — биринчи нарса эмас. У ҳаммаси.
Шу ўринда, Аллоҳ таоло Ўзининг каломида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга қарата: “Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!”, дея марҳамат қилганлигини ёдга оламиз (Қалам сураси, 4 оят).