ШАРЪИЙ МЕЪЁР №11
ИСТИСНА ВА ПАРАЛЛЕЛ ИСТИСНА
Меъёрнинг матни
5. Иш бажарилишини назорат қилиш
5/1 Ишлаб чиқарувчи ва буюртмачи ўзаро келишган ҳолда, маҳсулот ишлаб чиқарилиши жараёнида шартномада кўрсатилган техник талаблар (спецификациялар)га амал қилинаётганлигини текшириб бориш учун муҳандислик идорасини танлашлари ҳамда тўловни амалга ошириш, бажарилган ишни топшириш ва қабул қилиш мазкур техник идора розилигига кўра бўлиши тўғрисида келишув қилишлари мумкин. Бунда, ҳар икки томон ушбу танланган идоранинг қарорига риоя қилишга мажбур бўлади.
5/2 Муассаса, ишлаб чиқарувчи вазифасида бўлган ҳолатда, ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг шартнома талабларига мувофиқ тарзда бажарилишини назорат қилиш учун (ишлаб чиқариш шартномасидан алоҳида), мустақил вакиллик шартномаси асосида буюртмачига ваколат бериши мумкин.
5/3 Ишлаб чиқарувчи ва буюртмачи истисна шартномаси бажарилишини назорат қилиш билан боғлиқ қўшимча харажатларни қайси томон кўтариши борасида ўзаро келишиб олишлари мумкин.
6. Ишлаб чиқарилган (ясалган/тайёрланган) маҳсулотни етказиб бериш ҳамда уни тасарруф этиш
6/1 Ишлаб чиқарувчининг зиммасидаги мажбурият маҳсулотни буюртмачига етказиб бериш (топшириш) ёки маҳсулотга эгалик қилиш имкониятини бериш ёки буюртмачи кўрсатган шахсга уни топшириш билан соқит бўлади (якунига етади).
6/2/1 Агар етказиб бериш вақтида маҳсулот шартномада белгиланган техник талаб-тавсифларга мос келмаса, буюртмачи уни қабул қилмасликка ҳақли ёки уни мавжуд ҳолатда қабул қилиши мумкин — у ҳолда бу унинг ўз ҳуқуқидан энг гўзал тарзда фойдаланиши (ҳуснул-иқтидо) ҳисобланади. Томонлар, зарурат бўлганда нархни камайтириш (чегирма бериш) эвазига бўлса ҳам, қабул қилиш тўғрисида келишиб олишлари мумкин.
6/2/2 Агар ишлаб чиқарувчи яхшироқ сифатдаги маҳсулотни етказиб беришни таклиф қилса, буюртмачи уни бир шарт билан қабул қилиши лозим: ишлаб чиқарувчи сифатдаги зиёдалик учун (қўшимча) нарх талаб қилмаслиги керак, ва бу ҳуснул қазо – мажбуриятни чиройли адо этиш ҳисобланади. Ушбу қоида, маҳсулот (иш) шартномада белгиланган тавсифларга қатъий риоя қилинган тарзда бажарилган бўлиши буюртмачи учун муҳим бўлмаган ҳолларда амал қилади.
6/3 Маҳсулотни муддатидан олдин топшириш/етказиб бериш жоиз, фақат бу маҳсулот техник тавсифларга мувофиқ бўлиш шарт. Агар буюртмачи маҳсулотни қабул қилишдан бош тортса, у ҳолда рад қилишга асосли сабабнинг бор ёки йўқлигига қараб бунинг ҳукми турлича бўлади. Агар (маҳсулотни қабул қилмасликка) асосли сабаб мавжуд бўлса, буюртмачи қабул қилишга мажбурланмайди, агар асосли сабаб бўлмаса, буюртмачи қабул қилишга мажбур бўлади.
6/4 Маҳсулотни ҳукмий (конструктив) қабз йўли билан етказиб бериш/топшириш жоиз. Бу ишлаб чиқарувчи томонидан ишлаб чиқариш тугагандан сўнг буюртмачига маҳсулотни қабул қилиш имконини бериш орқали бўлади ва шу билан ишлаб чиқарувчининг жавобгарлиги (зоминлиги) тугаб, буюртмачининг жавобгарлиги (зоминлиги) бошланади. Агар юқоридаги имконият тақдим этилгандан сўнг маҳсулотга талафот етса ва у ишлаб чиқарувчининг тажовузи ёки бепарволиги натижасида келиб чиқмаган бўлса, буюртмачи ушбу зарарни зиммасига олади. Бу орқали икки томоннинг: ишлаб чиқарувчи ва буюртмачининг жавобгарлиги (зоминлиги) чегаралари ажратилади.
6/5 Агар буюртмачи маҳсулотни қабз қилиш имконияти унга берилгач, ҳақли бўлмаган ҳолатда/асосли сабабсиз маҳсулотни қабул қилиб олиш (қабз)дан бош тортса, маҳсулот ишлаб чиқарувчининг қўлида омонатга айланади, у бу маҳсулот учун тажовуз ёки бепарволикдан бошқа ҳолатларда жавобгар (зомин) бўлмайди. Маҳсулотни сақлаш харажатлари буюртмачига юклатилади.
6/6 Истисна шартномасига қуйидаги шартни киритиш жоиз: агар буюртмачи маҳсулотни қабул қилишни муайян муддатдан кечиктириб юборса, у ҳолда буюртмачи ишлаб чиқарувчига уни сотиш ваколатини беради. Бунда, ишлаб чиқарувчи маҳсулотни буюртмачи ҳисобидан сотади ва ортиқча маблағни, агар мавжуд бўлса, буюртмачига қайтаради. Агар сотув нархи шартнома нархидан паст бўлса, ишлаб чиқарувчи ўртадаги фарқни буюртмачидан ундириб олади. Сотиш билан боғлиқ харажатлар буюртмачига юклатилади.
6/7 Ишни бажарувчи буюртма қилинган маҳсулот (иш)ни белгиланган муддатда топширишга кечикса ва бу фавқулодда (форс-мажор) ҳолатлари билан боғлиқ бўлмаса, буюртмачи фойдасига адолатли товон (компенсация) тўланишини назарда тутувчи бандни Истисна шартномасига киритиш жоиз. Бироқ, буюртмачи томонидан тўлов кечиктирганлиги учун унга нисбатан жарима қўллашга йўл қўйилмайди. (3-сонли “Қарз тўловини кечиктирувчи қарздор” шаръий меъёрнинг 2/1/2 бандига қаралсин).
6/8 Маҳсулотни ишлаб чиқарувчидан ҳақиқатда (жисмонан) ёки ҳукман қабул қилиб олишдан олдин сотиш жоиз эмас. (6/4 бандга қаралсин) Лекин ишлаб чиқарувчидан сотиб олинадиган маҳсулотга ўхшаш тавсиф (спецификация)га эга, келажакда етказиб бериладиган маҳсулот учун бошқа (янги) Истисна шартномасини тузиш жоиз ва бу “Параллел (ёндош) Истисна” деб аталади (7-бандга қаралсин).
6/9 Буюртмачи муассаса маҳсулотни қабул қилиш имкониятига эга бўлгач, уни муассаса номидан ўз мижозларига сотиши учун ишлаб чиқарувчини вакил қилиши жоиз. Бундай вакиллик бепул (текин), қатъий тўлов асосида ёки сотиш нархининг муайян фоизи кўринишидаги хизмат ҳақи эвазига амалга оширилиши мумкин. Бироқ, бундай вакиллик келишуви тузиш Истисна шартномасида кўзда тутилмаган (кўрсатилмаган) бўлиши лозим.
(давоми бор)
Таржимон:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси