Бугун бутун дунёда “ижодий иқтисодиёт” жадаллик билан ривожланиб, аҳоли бандлигини таъминлашга жиддий ҳисса қўшмоқда. БМТ ҳисоб-китобларига кўра, маданий ва ижодий соҳалар жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 3,1 фоизини ва жаҳондаги бандликнинг 6,2 фоизини ташкил қилмоқда. Ижодий иқтисодиёт тармоқлари йилига 2 триллион доллардан ортиқ даромад келтириб, бутун дунёда 50 миллионга яқин иш ўрни яратиб улгурган. Иш билан банд бўлганларнинг деярли ярми аёллар бўлиб, бу йўналишда (бошқа соҳаларга қараганда) 15-29(!) ёшдагилар кўпроқ ишлайди. Ижодий соҳалар одамларга ўз ижодкорлик қирраларини очиш ва инновацияларга киришиш, ўз ғояларини аниқ иқтисодий қийматга айлантириш имкониятини тақдим этмоқда.
Ижодий иқтисодиётнинг пайдо бўлиш омиллари кўп. Жумладан:
- дунёнинг кўплаб мамлакатларида фаровонлик даражасининг ўсиши;
- IT соҳасининг (шу жумладан “Сунъий тафаккур”)нинг жадал ривожланиши;
- одамларнинг ноёб/камёб ва шу билан бирга мураккаб бўлмаган нарсаларга бўлган қизиқиши/эътиборининг кескин ортиши.
Бундан ташқари, сўнгги бир неча йил ичида ғоя қанчалик қимматли нарса эканлигини бизга кўрсатиб берган стартаплар ривожи ижодий иқтисодиёт ривожига жиддий туртки бермоқда. Замонавий ҳаётимизда маълумотларнинг ҳаддан ташқари кўплиги ҳам бу йўналишни ривожланишига таъсир қилган бўлиши керак: биз ҳамма нарсани тезда унута бошладик ва шу сабабли бизга нафақат ажаблантирадиган, балки осон эслаб қоладиган маълумотлар керак.
Шуни таъкидлаш лозим, “ижодий иқтисодиёт” ҳар доим маълум даражада мавжуд бўлган (1978 йилда ихтиро қилинган япон тўртбурчак тарвузларини эсланг), аммо ижодий иқтисодиёт фақат тизимли ривожланиш ва ўз бозорини шакллантиришга эришгандан сўнггина, одамлар “ижодий иқтисодиёт”ни жамият тараққиётининг янги босқичи сифатида эътироф эта бошладилар. Ҳатто, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 2021-йилни Барқарор ривожланиш доирасида “Халқаро ижодий иқтисодиёт йили” деб эълон қилди.
Хўш, “ижодий иқтисодиёт” ўзи нима?
Бу янги даражадаги иқтисод бўлиб, бу ерда асосий “қадрият” – янги “инновацион” ғоялардир.
Иқтисодиётнинг бу турида ижодкорлар муҳим ўрин тутади, жумладан, блогерлар, рассомлар, иқтисодиётнинг турли соҳаларида фаолият юритувчи ижодкор мутахассислар, жумладан, барча турдаги ижодий дунёқарашга эга ҳунармандлар.
Масалан, йиллар давомида мактабларда қўлланиб келган дарсликларни электрон шаклга ўтказиш, миллионлаб маблағларни тежаш ва асосийси барча учун бемалол фойдаланиш имконини бериш мумкин. Лекин, “ижодий маҳсулот” албатта янги технология бўлиши шарт эмас: у бизга аввалдан таниш бўлган нарса бўлиши ҳам мумкин, лекин унга янгича назар билан, янги бурчакдан қараш ва шунга кўра муносабатда бўлиш ўша нарсани бутунлай янги – “ижодий” маҳсулотга айлантиради (Youtube даги “маиший ҳийлалар”ни (lifehacks) эслаш кифоя бўлса керак).