Бангладешда ислом банк фаолиятига оид “Islami Bank Company Act-2024” қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Қонун лойиҳасидаги асосий масала – бир банк доирасида анъанавий ва ислом банк фаолияти ўртасида “чегара ўрнатиш”. Қонун лойиҳасида банклар бир вақтнинг ўзида ҳам анъанавий, ҳам ислом банк фаолиятини амалга оширишини чеклаш кўзда тутилмоқда. Агар ушбу қонун лойиҳаси маъқулланса ва қабул қилинса, у ҳолда анъанавий банклар ихтисослаштирилган шуъба банклар ташкил этиш орқали ислом банки хизматларини кўрсатишлари ёки тўлиқ ислом банк фаолиятига ўтишлари керак бўлади. Бу манфаатлар тўқнашувини олдини олади ёки камайтиради, тартибга солиш/мувофиқлаштириш даражасини оширади ҳамда ислом ҳуқуқи ва корпоратив бошқарув тамойилларига қатъийроқ риоя қилинишини таъминлайди.
Айни пайтда ислом банк маҳсулот ва хизматлари таклиф қилаётган 30 та анъанавий банк қонун кучга кирган кундан бошлаб олти ой ичида Марказий банкни ўзлари шуғулланишни афзал кўрган фаолият тури (яъни исломий ёки анъанавий) ҳақида ёзма равишда хабардор қилишлари керак бўлади.
Кейин, банклар уч йил вақт ичида тўлиқ ислом банк-молия фаолиятига ўтишлари ёки аксинча бундай молиявий амалиётларини якунлашлари керак бўлади. Алоҳида ҳолларда, амал қилиш муддати яна бир йилга узайтирилиши мумкин.
Қонун лойиҳасига кўра, тегишли лицензияга эга бўлган барча ислом банклари ўз номларида ИСЛОМ (ISLAMIC) сўзини ишлатишлари керак бўлади.
Ислом банки шуъба ташкил қилиш ёки уни шуъбага айлантириш мақсадида мавжуд бўлган/фаолият юритиб келаётган ҳар қандай компаниянинг назорат пакетини ислом банки хизматларини кўрсатишдан ташқари бошқа мақсадларда сотиб ололмайди.
Марказий банк Қонун бажарилиши назорат қилиш ва сифатини таъминлаш учун марказий шариат кенгашини тузади.
Ислом банклари шариат рухсат бермаган бизнес фаолият турлари билан шуғулланмайди.
Кўпчилик ушбу қонун лойиҳасини маъқуллаган ҳолда, бу ҳақда бошқачароқ фикрлар ҳам бор. Масалан, Mutual Trust Bank бошқарувчи директори (CEO) Sayid Mahbubur Rahmon бу ҳақда шундай дейди:
“Биз қонунни олқишлаймиз, чунки бу зарур қадам эди. Лекин бу анъанавий банкларга ислом банк фаолияти билан шуғулланиш учун тўсиқ қўйиш керак дегани эмас. Зеро, ҳозирда иккита учта банкдан ташқари бошқа барча ислом банкларининг ҳолати ёмон, бу ҳолатда анъанавий банклар қошида очилган ислом дарчалари ушбу банклар мижозлари учун муқобил ечим бўлиши мумкин эди. Бундай муқобил таклифнинг бўлмаслиги мижозлар фаолиятига салбий таъсир қилади.
Ҳозирда ислом дарчалари тўлақонли ислом банкларига қараганда яхшироқ ишламоқда. Агар биз икки тизим учун балансни алоҳида юрита олсак, ислом банк фаолияти билан шуғулланишда ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Standard Chartered каби хорижий банклар (Буюк Британия) ҳам анъанавий, ҳам ислом банк фаолияти билан шуғулланаётганлиги бунга мисол бўла олади”, дейди у.
“Умуман олганда, батафсил ишлаб чиқилган меъёрий ҳужжатлар ва тегишли назорат, чекловдан яхшироқ”, дея қўшимча қилди Sayid Mahbubur Rahmon. Айтиб ўтиш лозим, Mahbubur Rahmon 1993-94 йилларда Бангладеш банклари уюшмасининг раиси сифатида ҳам фаолият олиб борган.
Дакка университетининг банк ва суғурта кафедраси профессори Main Uddin эса бу фикрга бироз тескари фикр билдирди: “Бангладешдаги анъанавий банклар янги мижозларни жалб қилиш ва юқори даромад олиш учун катта имкониятлар борлигини кўриб, ислом банк фаолияти билан шуғулланишни бошлашган. Агар қонун қабул қилинса, ўша банклар ўз бизнес фаолиятларини ихтисослашган йўналишларга қаратадилар (жамлайдилар) ва сармоялари ҳам кўпаяди. Демак, бу ташаббусга ижобий қараш керак”, дейди у.
“Баъзи банклар бир бири билан қўшилиб кетиши ёки ҳатто тугатилиши мумкин, чунки мамлакат иқтисодиёт даражаси/ҳажмини ҳисобга олганда, бу жуда кўп”, дея қўшимча қилди у.
Шу ўринда айтиб ўтиш лозим, бугунги кунда мамлакатда 60 дан ортиқ банк, 1983 йилдан бери фаолият юритиб келаётган ва бугунги кунга келиб салкам 25 фоиз улушга эга ислом банк тизимида эса 10 та тўлақонли ислом банки фаолият юритиб келмоқда. Бироқ, ҳозирда ушбу банкларнинг бир нечтаси қонунбузарлик ва фирибгарликда айбланмоқда.
Юқоридаги қонун лойиҳаси киритилишига Бангладеш ислом банк-молия тармоғида юз берган инқироз сабаб бўлди (бу ҳақда батафсилроқ маълумот олиш учун биз 3 ноябрь куни қўйган мақолани ўқиб чиқинг: https://islommoliyasi.uz/uz/7859/).
Манба: https://www.thedailystar.net/business/economy/banks/news/