ОЛИМНИНГ УСТОЗЛАРИ:
Ровийларнинг айтишича, Ибн Муборак тўрт минг шайхдан ҳадис тўплаган ва уларнинг мингтасидан ҳадис ривоят қилган. Бир ўринда айтадики: «Бир минг юз шайхдан ҳадис ёзиб олдим. Уларнинг ичида улуғлардан Суфён ас-Саврий ҳам бор эди».
Дарҳақиқат, Ибн Муборак жуда кўп тобеъинлар билан учрашиб, улардан ҳадис ривоят қилган. Устозларининг кўпчилиги табаъа тобеъинларнинг улуғларидан эди.
Ҳишом бин Урва бин аз-Зубайр бин ал-Авом ал-Асадий Абу ал-Мунзир (145 ҳижрийда вафот этган) ҳам Ибн Муборакнинг устозларидан ҳисобланади.
ИБН МУБОРАКНИНГ АБУ ҲАНИФА БИЛАН МУЛОҚОТЛАРИ
Ибн Муборак асҳоби ҳадиснинг фақиҳларидан эканлигини зикр қилган эдик, лекин у фиқҳ тўғрисида олий мақомга етган эмас. Чунки киши бир вақтнинг ўзида ҳам муҳаддис, ҳам фақиҳ бўлиши мушкул иш. Абу Ҳанифа ҳадисдан кўра фиқҳ масаласида моҳир билағон эдилар. Молик бин Анас ҳам худди шундай эдилар. Аҳмад бин Ҳанбал эса фиқҳдан кўра ҳадис масаласида моҳир эдилар. Шунинг учун ҳам уни баъзи уламолар фақиҳдан кўра муҳаддис деб ҳисоблар эди. Ироқда фиқҳ аҳлининг имоми Абу Ҳанифа ан-Нўъмон бин Собит ҳузурларида ибн Муборак фиқҳ илмидан баҳраманд бўлдилар.
Ҳеч шак-шубҳа йўқки, ибн Муборак Куфада яшаган пайтларида бир қанча вақт Абу Ҳанифа билан бирга бўлдилар ва у зотдан фиқҳ илмини ўргандилар.
Ибн Аби ал-Вафо ал-Қураший ал-Мисрий Абдуллоҳ ибн Муборакни ҳанафий мазҳабида эканлигини тасдиқлайди ва у зотни кўп чиройли мақтовлар билан зикр қилади. Жуда кўп ривоятларда ҳам ибн Муборак умрининг охиригача Абу Ҳанифа мазҳабида бўлганлиги зикр қилинади. Ибн Муборак ўзининг бир қанча шеърларида Абу Ҳанифани мақтайди ва улуғлаб олқишлайди.
Шунингдек, Абу Ваҳаб Муҳаммад бин Мазоҳим қуйидаги ривоятни келтириб айтади: «Абдуллоҳ ибн Муборакнинг шундай деганларини эшитдим: «Одамларнинг обидроғини кўрдим, одамларнинг билимдонроғини кўрдим, одамларнинг фақиҳроғини кўрдим, одамларнинг обидроғи Абдул Азиз бин Аби Раввон, одамларнинг тақводорроғи Ал-Фузайл бин Иёз, одамларнинг билимдонроғи Суфён ас-Саврий, одамларнинг фақиҳроғи Абу Ҳанифадурлар». Сўнгра айтдилар: «Фиқҳ масаласида у зотга ўхшаганни кўрмадим».
Ибн Муборак, Абу Ҳанифага ҳамаср бўлган Шомлик фақиҳлардан ал-Авзоъий Ибн Муборакка: «Ким у Абу Ҳанифа деб куняланган, Кўфадан чиққан…», дейди. Ибн Муборак унга жавоб бермасдан чигал масалаларни сўзлаб унинг тушиниш, фаҳмлаш йўллари ҳақида ва у масалалар тўғрисида фатвони айта бошлайди. Ал-Авзоъий: «Бу фатволарнинг соҳиби ким?» деб сўрайди. Ибн Муборак «Ироқда бир шайхни учратган эдим, ўша» дейди. Ал-Авзоий «У киши устозларнинг ўткири экан, боргинда ундан кўпроқ сўра», дейди. Ибн Муборак: «Бу зот Абу Ханифа бўладилар», дейди. Сўнгра ал-Авзоъий Абу Ҳанифа билан Маккада ҳамсуҳбат бўлади. Ибн Муборак айтган масалаларни эслашадилар. Абу Ҳанифа у масалаларни кенг ёритиб шарҳлаб берадилар. Улар ажрашиб кетганларидан сўнг ал-Авзоий ибн Муборакка бориб: «У зотнинг илмининг мукаммаллигига ва ақлининг етуклигига ҳавасим келди, мен эса очиқ нотўғри фикрда эканлигим учун Аллоҳ таолодан кечирим сўрайман. Ана ўша зотни маҳкам тутиб бирга бўлгин. У зот тўғрисида менга нотўғри хабар етган экан», деган экан. Ибн Муборакнинг Абу Ҳанифа билан бирга бўлганлиги аниқ. Мадинага келганларида эса Молик бин Анас билан ҳамнишин бўлиб, у зот ҳузурида фиқҳ илмидан баҳраманд бўлганлар. Ибн Муборак илк бор фиқҳ илми соҳасида Абу Ҳанифадан таълим олган бўлсаларда, сўнгра Суфён ас-Саврий, Молик бин Анас ва ал-Авзоъийлар ҳузурида фиқҳ илмидан баҳраманд бўлган.
ИБН МУБОРАКНИНГ МОЛИК БИН АНАС БИЛАН МУЛОҚОТИ
Ибн Муборак Дорул-Ҳижратнинг имоми Молик бин Анасдан ҳам фиқҳ илмларини ўрганган ва у кишидан «Ал-Муваттоъ» китобини ривоят қилган.
Ибн Фарҳун ал-Яъмурий ал-Моликий аҳли машриқ ичидан ибн Муборакни Молик бин Анаснинг асҳоблари жумласидан, деб зикр қилади.
Ибн Фаҳрун ал-Яъмурий ал-Моликий ал-Маданий келтирган бир ҳикояда Молик бин Анас Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини нақадар эъзозлаганлиги аниқ маълум бўлади. Бу воқеани ибн Муборак шундай ривоят қилади: «Имом Молик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини бизга сўзлаб бераётганда у зотнинг ҳузурида эдим. Ўша пайтда уни чаён ўн олти марта чақиб олди. Имом Моликнинг ранглари ўзгариб боришини кўрдим, лекин сўзини тўхтатмади. Мажлис тугагач одамлар тарқалишиб кетишди. Мен унга: «Эй Абу Абдуллоҳ бугун сенда ажиб ўзгаришлар кўрдим», дедим. У: «Ҳа, шундай бўлди. Аммо мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларининг улуғлиги ва мўътабарлиги ҳурматидан сабр қилдим», деб жавоб қилди». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ўша улуғлаш ва эҳтиромлаш Ибн Муборакнинг Имом Моликка нисбатан ҳурматини ошириб, унга иҳлосманд қилиб қўйган. Молик бин Анас ҳам ўз навбатида Ибн Муборакни Хуросоннинг фақиҳи, деб ҳурматлар эди.
ИБН МУБОРАК ҲАҚИДА УЛАМОЛАРНИНГ СЎЗЛАРИ
Ўша давр уламоларининг сўзлари Ибн Муборак ҳақида жуда кўп аниқликлар киритади. Ўша уламолар Ибн Муборакнинг шогирдлари ва яқин биродарлари эдилар. Уларнинг гаплари Ибн Муборакнинг улуғлигига, билимдонлигига, ҳадис бобида ишончлилигига, фиқҳ масалаларида моҳирлигига, тақводорлигига, одобигга, саховатига ва шижоатига далил бўлади. Макур уламолар ўз даврининг фиқҳ ва ҳадисшунос олимларидандир. Қуйида уларнинг сўзларини келтирамиз.
Молик бин Анас: «Ибн Муборак Хуросоннинг фақиҳидир», деган.
Аҳмад бин Ханбал: «Ибн Муборак замонида ундан кўра илмга чанқоқроқ ва талабчанроқ киши йўқ эди. У илм йўлида Яманга, Мисрга, Шомга, Басрага, Куфага сафарлар қилиб илм ривоят қилди ва аҳли илмлардан бўлди. Кичиклару-катталар тўғрисида ёзиб, буюк иш қилди ва ҳадис илмини буюк ҳофиз соҳиби бўлди», деган.
Суфён ас-Саврий айтади: «Умримнинг барчаси Ибн Муборакнинг умрини бир йилича бўлишини хоҳлардим, аммо унинг уч кунича бўлишга ҳам қодир бўлолмадим».
Ал-Авзоий Абу Усмон ал-Килобийга шундай деган экан: «Агар Ибн Муборакни кўрганингда эди, кўзларинг ором олар эди».
Абдураҳмон бин Маҳдий айтадилар: «Ибн Муборак менга ҳадис айтиб берган. Унинг тенги йўқ эди, у ас-Саврийдан ҳам афзалроқдир «Унга айтишди: «Одамлар сенинг фикрингга қўшилмайдилар». У айтди: «Одамлар Ибн Муборакни синаб кўрмаган, мен Ибн Муборакка тенг келадиган кишини кўрганим йўқ» ва яна айтди: «Имомлар тшртта: ас-Саврий, Молик, Хаммод бин Зайд ва Ибн Муборакдир ва яна: «Тўрт кишига ўхшаш кишини кўрмадим, ас-Саврийдан кўра ҳадисни ёд билгувчини, Шўъбадан кўра зоҳидроқни, Моликдан кўра эсда сақловчи ва Ибн Муборакдан кўра халққа беғаразроқ кишини».
Ал-Фузайл бин Иёз айтадилар: «Шу бинонинг парвардигори билан қасам-ки, кўзларим Ибн Муборакка ўхшаш кишини кўрмади».
Абу Исҳоқ ал-Фазорий айтадилар: «Ибн Муборак барча мусулмонларнинг имомидир».
Ан-Насоий айтадилар: «Ибн Муборакнинг даврида ундан улуғроқ ва барча мақтовли хислатларни ўзида мужассам қилган кишини билмайман», Абу Усома дейдики: «Ҳадис асҳобларидан Ибн Муборак одамлар ичида мўъминларнинг амиридек эдилар».
Абу Абдуллоҳ ал-Ҳофиз аз-Заҳабий: «Ибн Муборак заковатда ҳам бош эди, шижоат ва жиҳодда ҳам бош эди, ҳотамтойликда ҳам бош эди», деганлар.
(Давоми бор)
Манба: Islom.uz рортали