Метаолам бу IT оламида янги имкониятлар дегани. IT асрда бу соҳадаги ҳар қандай янгилик бу янги билимлар, янги кўникмалар, янги имкониятлар, янги бизнес турлари, қўшимча инвестициялар ва шубҳасиз.. янги фитналар дегани (қандай фойдаланишга қараб у бир пайтнинг ўзида ҳам имконият, ҳам фитналигини тушунтириб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак). Мусулмон одам эса шундай янгиликларга доимо тайёр бўлишга ҳаракат қилиши, яъни энг камида шу ҳақда маълумотга эга бўлиши лозим.
Метаверс (юнонча μετά – “коинот” сўзидан олинган) доимий ишлайдиган виртуал макон бўлиб, унда одамлар виртуал реаллик технологияларидан фойдаланган ҳолда бир-бирлари билан ва рақамли объектлар билан ўзаро алоқа/мулоқотда бўлишлари мумкин. Демак, метаверс – бу бир нечта турли виртуал маконларни бирлаштирган доимий, онлайн, 3D олам тушунчаси. Сиз уни интернетнинг келажакдаги кўриниши деб тасаввур қилишингиз мумкин. Метаверс фойдаланувчиларга ушбу 3D маконларда ишлаш, учрашиш, ўйнаш ва мулоқот қилиш имконини беради.
Яқинда Индонезиянинг “Бандунг Техналогиялар Институти” (ITB), бизнес ва менежмент мактаби қошидаги Ислом бизнеси ва молияси маркази томонидан “Блокчейнлар ва метаверс: ислом нуқтаи назаридан” номли вебинар ташкил қилиниб, унда блокчейнларга ислом нуқтаи назаридан қараш масаласи ва Метаолам (метаверс) муҳокама қилинган.
Жами 400 дан ортиқ маҳаллий ва хорижий иштирокчилар қатнашган ушбу онлайн веб-семинарда Буюк Британиянинг Yaqeen номли тадқиқотлар институтидан муфтий Фараз Адам, “School of Business and Management” (SBM) вакили Юлиани Дви Лестари, профессор Аурик Густомо (SBM ITB декан ўринбосари) ва Моҳаммед Алим (IBF Net Group бош директори) иштирок этишган.
Блокчейнлардан турли мақсадларда фойдаланиш мумкин. Демак ўша мақсадларнинг ҳалол ёки ҳаром эканлигига эътибор қаратиш зарур. Блокчейнлардан ташқари, метаверс (яъни метаолам)нинг жадал ривожланиши ҳам яхши тушуниш талаб қилинадиган масала, деб таъкидлаган профессор Аурик.
Муфтий Фараз Адам метаверсни дунёнинг турли бурчакларидан туриб эркин қуриш ва ўрганиш имкони бўлган виртуал олам деб таърифлаган.
Муфтийнинг фикрича, метаверс ислом нуқтаи назаридан хавфсизми ёки тақиқланганми, деган хулосага келиш учун бир нечта жиҳатларни ҳисобга олиш керак. Улардан бири бу унинг фойдалилиги. “Унинг фойдалилигини баҳолаш орқали биз ушбу технология ҳаётимизга ижобий таъсир кўрсатадими ёки йўқлигини аниқлашимиз мумкин”, деди у.
Шунингдек муфтий, метаверснинг ҳақиқий ҳаётга таъсирини эътиборга олиш муҳимлиги ҳақида фикр билдирди. Агар у кишининг ҳаётига салбий таъсир кўрсатса, масалан, мусулмон сифатидаги кундалик бурчлари ва фаолиятини бузиши ёки издан чиқариши мумкин бўлса, у ҳолда ундан четланиш керак.
Бундан ташқари, муфтий ислом таълимотига тескари бўлиши мумкин бўлган метаверсдаги дизайн ва таклифлар батафсил таҳлил қилиниши муҳим эканлигини қўшимча қилди. Агар у маконда ёвузлик тушунчалари яхшиликдан устун бўлса, метаверсни тарк этиш лозим.