Яқинда Аллоҳ бизнинг оиламизга дунёнинг энг қадимий ва энг машҳур олийгоҳларидан бўлмиш Оксфорд университетида илм олиш имкониятини тақдим этди. Шу сабаб бир неча ҳафтадан бери Буюк Британиянинг Оксфорд шаҳрида яшаяпмиз.
Кўпчилигимиз инглизлар ва уларнинг ҳаёт тарзи, тарихи, маданияти ва иқтисодиёти ҳақида қандайдир маълумотларга эгамиз. Аммо аксариятимиз инглизларнинг ҳаёт тарзи, уларнинг ютуқлари ва бунинг сабаблари тўғрисида фикр юритмаганмиз. Бу галги сафаримиз узоқ муддатли бўлгани учунми ёки сўнгги пайтларда умматимизнинг дунёдаги ўрни, эришаётган, тўғрироғи (минг афсус) эришмаётган “ютуқлари” ҳақида, бошқа миллатлар / бошқа дин вакилларининг мувафаққиятлари ҳақида кўп ўйлаётганим учунми Буюк Британияда ўзим кузатган баъзи ижобий, яъни бизга ўрнак бўлиши мумкин бўлган ҳолат/воқеа ва фактлар билан бўлишмоқчиман. Яна бир бор қайтараман, айнан ижобий томонларини кўрсатмоқчиман, чунки баъзиларга ижобий томонини гапирсанг, дарров мингта салбий томонини топиб кўрсатиб беради. Бундай дўстларимизга айтмоқчиман: “қўй ҳам, эчки ҳам ўз оёғидан осилади”, биз улардан ўрганишимиз керак бўлган яхши нарсаларни ўрганайлик, салбий томонларини уларнинг ўзларига қўйиб берайлик (“лакум динукум ва лия дийн”).
Аввалига Буюк Британия ҳақида қисқача маълумотлар бериб ўтсам:
– Умумий маълумотлар: Буюк Британия, бу Англия, Уэльс, Шотландия ва Шимолий Ирландия давлатларидан иборат Шимоли-Ғарбий Европада жойлашган орол мамлакат бўлиб, расмий номи – Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги. Буюк Британия мамлакат асосий қисмининг номи билан кўпинча Англия деб аталади;
– Майдони 244 минг км2 (қиёслаш учун: Ўзбекистон майдони 448,8 км²);
– Аҳолиси 66,2 млн (Ўзбекистон аҳолиси деярли икки баравар кам – 33,7 млн.);
– Расмий тил ҳам, миллатлараро мулоқот тили ҳам инглиз тили;
– Насронийликдаги протестантизм йўналиши (аниқроғи Англикан черкови) расман Буюк Британиянинг давлат дини ҳисобланади! Мамлакат аҳолисининг 70% дан ортиғи насроний, таҳминан 3% мусулмон, 15% дан ортиғи эса даҳрий (атеист), қолганлари эса турли дин вакиллари (бир дин расман давлат дини бўлганлиги негадир Британияни дунёвий давлат бўлишига ҳам, бошқа дин вакиллари ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоя қилинишига ҳам ёки яна бирор бошқа нарсага ҳам ҳалал бераётгани йўқ).
– Пойтахти — Лондон шаҳри;
– Сиёсий-иқтисодий салоҳияти. Буюк Британия АҚШ, Россия, Хитой ва Франция билан бир қаторда БМТ хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоларидан бири (ҳаммага маълум, бу давлатларнинг барчаси расман ядро қуролига эга давлатлар);
– Мамлакат умумий (номинал) ЯИМ (2.6 триллион АҚШ долларига тенг) бўйича бугунги кунда дунёда 5 ўринда туради (Ўзбекистон 86 ўринда), жон бошига ҳисоблаганда эса салкам 40 минг АҚШ долларидан тўғри келади (Ўзбекистонда 1532 АҚШ доллари).
– Буюк Британия бизнес юритиш осонлиги бўйича дунёдаги энг пешқадам мамлакатлардан бири – 8 ўринда (Ўзбекистон 69 ўринда).
– Таълим: Британия мажбурий таълим тизими 4-5 ёшдан 16 ёшгача бўлган болаларни қамраб олади. Мамлакатда давлат мактаблари ҳам, хусусий мактаблар ҳам, фақат ўғил болалар ўқийдиган ҳам, фақат қизлар ўқийдиган ҳам, аралаш мактаблар ҳам бор (қизиғи бунда ҳеч ким ҳеч қандай муаммо ҳам, яширин мақсадлар ҳам кўраётгани йўқ);
– Англиянинг энг қадимий икки олийгоҳи – Оксфорд университети (тарихий маълумотларга кўра бу олийгоҳда 1096 йилда ҳам (!) талаблар ўқиган, яъни Университет 11 асрдан буён фаолият олиб боради) ва Кембриж университетларидир (1209 йил ташкил топган). Ушбу икки универститетдан 186 та (!) Нобель мукофоти лауретлари чиққан (Кембриждан 130та, Оксфорддан – 56та ).
Мана энди бу мамлакат ва унинг аҳолиси ҳақидаги шахсан ўзим кузатган ҳолатларга ўтсак:
Биринчи кўзимга ташланган нарса, бу маҳаллий аҳолининг самимий (ҳар холда ташқи кўринишидан) муносабати. Аввало таниган танимаган кўчада саломлашади, ёки ҳеч бўлмаганда жилмайиб ўтади. Бирор нарса сўрасанг астойдил тушунтиради, тилинг келишмаса ҳам иложи борича тушунишга ҳаракат қилади, эринмай, керак бўлса қўлингдан етаклаб олиб бориб тушунтиради (миллатинг, ирқинг, ёки динингдан қатъий назар);
Юқорида келтирганимиздек аҳолиси Ўзбекистон аҳолисидан икки баравар кўп, худуди эса салкам икки баравар кичик (аниқроғи 1.84 баравар) бўлган Буюк Британияда шахсий автоуловлар ҳам, жамоат транспорти ҳам биздагидан анча кўп (тўғрида, импорт автомашиналар киришини таъқиқловчи ёки жиддий равишда қийинлаштирувчи турли тўсиқлар бўлмагандан кейин…), йўллар эса тор (иккита машина ёнма ён турса учинчиси зўрға ўтади), лекин шахсан ўзим бирор марта ҳам йўлларда авария ёки лоақал урилган машинага кўзим тушмади! Ҳамма хайдовчилар жуда интизомли, пиёдалар унданда интизомли ва сабрли. Йўлдан югуриб ўтадиганлар жуда кам, йўлдан ўтмоқчи бўлган одам светофор олдига келиб махсус қурилмага ўрнатилган тугмачани босиб яшил чироқ ёнишини сабр билан кутиб туради. Ҳайдовчилар ҳам бошқа барча фуқаролар (шу жумладан турли давлатлардан келган миллионлаб хорижликлар) каби хушмуомала. Автобуслар асосан икки қаватли, лекин тор йўлларда бемалол сиғиб юришади, бу албатта хайдовчиларнинг маҳорати ва пиёдаларнинг интизоми билан боғлиқ деб ўйлайман. Бирор марта бирорта машинадан музқаймоқ қоғози, сигарет қутиси ёки лоақал сигарет қолдиғи учиб чиққанини ҳам кўрмадим.
Китоб магазинлар жуда кўп. Китоб ўқийдиганлар ҳам шунга яраша.
Биз яшаётган уй Oxford Brookes университети ёнида. Ушбу университет кутубхонаси талабалар учун (ва албатта ўқитувчилар ва университетнинг бошқа ходимлари учун ҳам) ҳар куни (яъни дам олиш кунларисиз!) 24 соат давомида очиқ (тасаввур қилинг кечаси соат иккида бирор китобни ўқиш зарурати туғилди, ҳеч муаммосиз кутубхонага кириб ишлайверсиз). Бошқалар, яъни университетга умуман алоқаси бўлмаганлар эса эрталаб соат 9.00 дан 21.00 гача кутубхонадан, ўша ердаги компьютерлардан, ҳамда текин интернетдан wi-fi орқали бемалол фойдаланишлари мумкин. Кутубхонага кириш/чиқиш эркин, аъзолик учун ҳам, ҳар куни кириб-чиқиш учун ҳам бирор-бир ҳужжат талаб қилинмайди, киришда ҳам, чиқишда ҳам ҳеч ким сумкангизни текширмайди, ўзингизнинг ноутбукингиз билан ҳам кутубхонага кириб-чиқиб юраверасиз.
Катта супермаркетларда “ҳалол” маҳсулотлар сотадиган бўлимлар бор. Таъкидлаш лозим, “така бўлсин, сут берсин” қабилида иш кўрувчи Буюк Британия “ҳалол” бозорига ҳам анча эътибор бераяпти.
Нью-Йорк билан бир қаторда дунёнинг энг йирик молия маркази ҳисобланувчи Лондон, бугунги кунда Европа ислом банк-молия тизимининг ҳам марказига айланиб бўлди. Буюк Британия ҳукумати 2000 йилда Англия банки давлат Ғазначилиги билан ҳамкорликда бу тармоқни ривожлантиришнинг имконият ва муаммоларини кўриб чиқиш бўйича ишчи гуруҳи ташкил қилди ва 2003 йилда мамлакат солиқ ва бошқариш тизимига шу мақсадга мувофиқ қатор ўзгартиришлар киритилди. Ҳозирда Буюк Британияда 20 га яқин банк-молия муассасалари (жумладан Standard Chartered, HSBC, BNP Paribas каби дунёнинг етакчи анъанавий тижорат банклари ҳам махсус ислом дарчалари орқали) ислом дини талаблари доирасида аҳолига ҳизмат кўрсатмоқда. Мамлакат аҳолисининг озгинагина қисмини ташкил қиладиган мусулмонлар банк-молия тизимига катта иқтисодий фойда келтирмаса ҳам, нафақат анаънавий, балки ислом банк-молиясида ҳам етакчилик қилаётган Буюк Британия дунёнинг молиявий маркази деган номга лойиқлигини кўрсатади, ҳамда мусулмонларга танлаш имконияти тақдим қилган ҳукуматга мусулмон оламида катта сиёсий манфаатларга эга бўлиш имконини беради.
Кўчаларда дайди ит ёки мушукларга кўзингиз тушмайди, чунки улар бу муаммони аллақачон ҳал қилиб бўлишган экан. Агар кимдир кучук ёки мушук боқиб олмоқчи бўлса 1824 йилда тузилган ва қироллик жамияти мақомига эга Ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамиятидан рухсат олиши керак бўлади (албатта бунда жонивор эгаси “хатга” тушади ва кейинчалик кўнгли тусаган пайтда ўз итини кўчага ҳайдаб юборолмайди ва натижада дайди итлар ҳам, бунинг оқибатида келиб чиқиши мумкин бўлган муаммолар ҳам жамиятда пайдо бўлмайди).
Инглизларнинг аксарияти анча мунча чиниққан одамлар кўринади, чунки +15 ёки хатто +10 даража илиқ ҳавода ҳам битта майка-шортида юрган инглизларни кўчаларда кўплаб учратиш мумкин. Кейин билсам инглизлар фарздандларини чақалоқлигидан бошлаб чиниқтиришар экан (бизга ўхшаб болаларни ўраб чирмашмас экан, озгина бурни оқса дарров антибиотик беришмас экан..). Уйлардаги иситиш тизими жуда самарали, ҳар бир уйда алоҳида газ ёки электрда ишлайдиган иситиш тизими мавжуд. Тизимни ёқишингиз билан жумраклардан иссиқ сув тушишни бошлайди, 2 дақиқада радиаторлар қўлни куйдирадиган даражада исиб (тўғрироғи қайнаб) кетади. Энг қизиғи шу самарали иситиш тизимидан ҳам кўп фойдаланаверишмас экан инглизлар! Уйлари совуққина. Уч хонали уйни иситиш ва электр таъминоти учун ҳаммаси бўлиб 70-80 фунт (100$) атрофида пул кетади. Бу унчалик кўп эмас, агар ўртача ойлик 2400 фунт атрофида эканлигини ҳисобга олсак. Хуллас жуда тежамли ва чиниққан ҳалқ булар (агар инглизлар биздаги қасрларни кўрса, булар қанақа қилиб уйларини ёзда совутиб, қишда иситишар экан деб ўйласа керак).
Британиялик олимларнинг дунё илм-фан ривожига қўшган ҳиссаси жуда салмоқли, мана шулардан баъзилари:
– Водород, XVIII асрда Ҳенри Кавендиш тарафидан, пенициллин, XX асрда Александр Флеминг тарафидан, телефон, Александр Белл тарафидан, бутунжаҳон “ўргимчак уяси” деб аталувчи (инглиз тилида web (world wide web), қирқартирилган шакли – www), интернет тармоғи орқали турли компьютерда жойлашган ҳужжатлар билан алмашиш имкониятини берувчи тизим, Тим Бернерс-Ли тарафидан, Ёмғирпўш (плащ), 1824 йили Чарлз Макинтош томонидан, тезотар (пулемёт)нинг биринчи кўриниши Жеймс Пакл томонидан 1718 йил ўйлаб топилган. Дунёдаги биринчи дастурчи XIX асрда яшаб ўтган инглиз математиги Ада Лавлейс хоним ҳисобланади.
– Дунёдаги биринчи темир йўл ҳам, биринчи метро ҳам Буюк Британияда (XIX асрда) пайдо бўлган.
Хулоса
Кўриб турганимиздек Буюк Британия бугунги кунда дунёда сиёсий-иқтисодий (ва ҳатто спортда ҳам) жиҳатдан энг илғор давлатлардан бири. Очиғини айтиш керак, бугунги кунда ҳеч қайси мусулмон давлатининг (яъни Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо 57 давлатнинг бирортаси ҳам!) салоҳияти ва халқаро майдондаги ўрни Британиячалик эмас. Хўш, улар бунга қандай эришди? Нима, Аллоҳ таоло биз мусулмонларга табиий бойликлар бермаганми? Ақлий ёки жисмоний жиҳатдан бизларни улардан ноқисроқ қилиб яратганми? Албатта йўқ! Унда нега улар биздан устун?
Агар эътибор берган бўлсангиз Аллоҳ ва унинг Расули саллаллоҳу алайҳи ва саллам биз мусулмонларга буюрган, лекин биз кўпинча амал қилмайдиган баъзи нарсалар ғайридинларда, шу жумладан инглизларда бор: хушмуомалалик, тартиб-интизом, сабр, илмга жиддий эътибор, тежамкорлик, манманликдан, исрофдан, ўзгаларларни камситишдан тийилиш каби ҳислатлар.
Биз аёлларнинг лозим-иштонига ўралашиб юрган пайтимизда улар ҳам дунёвий, ҳам диний илмларни ўрганишяпти, ўрганганда ҳам астойдил ўрганишяпти, катта-катта кашфиётлар қилишяпти. Бу кашфиётлар уларнинг иқтисодиёти, сиёсий мавқеи, ҳамда ҳарбий салоҳиятини кучайишига сабаб бўляпти. Бугунги кунда улар Қуръон Каримни ҳам биздан кўра чуқурроқ ўрганишяпти, юқорида айтганимдек ислом молиясини ўрганиш ва татбиқ қилишда ҳам биздан анча илгарилаб кетишди. Эртага биз уларнинг мутахассисларини катта пул эвазига таклиф қиламиз, чунки билган устун бўлаверади. Зеро, Аллоҳ Қуръони каримда: “Билганлар билан билмаганлар ҳеч тенг бўладими?” (Зумар сураси, 9 оят) дея хитоб қилиб бизни тафаккур қилишга, илм олишга чорлайди.
Агар биз тафаккур қилмасак, кибримизни жиловламасак, дангасилик балосидан қутулмасак, исрофдан қочмасак, тартиб-интизомни кучайтирмасак, илмга жиддий эътибор бермасак, ҳар биримиз ўз ишимизни астойдил / пухта қилмасак биз улардан орқада қолаверамиз. Зеро Аллоҳ таоло ўз китобида айтган: “Аниқки, то бирон қавм ўзларини ўзгартирмагунларича, Аллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмас” (Раъд сураси, 11 оят).
Ассаламу алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳ!