Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертлари маҳаллий меҳнат бозорида ишчи кучига бўлган талабни мутахассисликлар кесимида ўрганиб чиқишибди.
📋 Таҳлил жараёнида 180 та туман ва шаҳарда истиқомат қилувчи 7843 нафар иш берувчи иштирокида 172 та мутахассислик кесимида сўровнома ўтказилган.
📌 Бугунги кунда Ўзбекистон меҳнат бозорида савдо соҳаси, хусусан онлайн савдо соҳасида мутахассисларга талаб энг юқори эканлиги маълум бўлган.
Маълумот учун: Сўровномада иштирок этган иш берувчиларнинг катта қисми (23,4 фоизи) савдо соҳасида фаолият юритар экан. Республикадаги жами корхоналар орасида савдо корхоналарининг улуши энг юқори бўлиб, 32,5 фоизни ташкил этади. Бу эса ўз навбатида айнан савдо соҳаси мутахассисларига талаб юқорилигини асослайди.
📋 Қишлоқ хўжалиги ва саноат соҳаси мутахассислари, хусусан, қишлоқ хўжалиги ва саноат ускуналари механиги (1,7 фоиз), қишлоқ хўжалиги ва қурилиш техникаси мутахассислари (1,4 фоиз), трактор, булдозер, комбайн ҳайдовчилари (1,4 фоиз), агрономлар (1,3 фоиз), каштачи, тикувчи ва тўқувчиларга ҳам талаб юқори эканлиги аниқланган (1,7 фоиз).
📓 Таълим муассасаларида хорижий тиллар (инглиз, немис, корейс ва бошқа чет тиллар), математика ва ИТ ўқитувчиларига (1,2 фоиз) ҳам талаб бор экан.
♦️ Ҳозирги кунда давлат ва хусусий тармоққа тегишли корхоналарда маркетолог, ИТ дастурчилари, бухгалтерлар, ходимлар билан ишлаш бўйича мутахассисларга талаб юқори.
📍Шунингдек, малака талаб этилмайдиган фаррош, ҳайдовчи ва боғбонларга ҳам талаб юқори эканлиги аниқланди. Буни улар орасида қўнимсизлик даражаси юқорилиги билан изоҳлаш мумкин.
🔴 Институт келгуси сўровномаларда касблар кўламини кенгайтиришни ва натижаларни рақамлашган платформа орқали кенг жамоатчиликка етказишни режалаштирган. Мазкур таҳлил натижалари таълим муассасалари, ўқув марказлари, касб эгалламоқчи бўлган ёшлар ва уларни ота-оналари учун меҳнат бозори ҳақида маълумот беришда фойдали бўлиши мумкин.
Манба: http://imrs.uz/
“Ислом молия”дан изоҳ: баъзида бизга “Ислом молиясини ўргансам, яъни шу йўналишда ўқисам, эртага қаерда ишлайман ва ўзи умуман иш топа оламанми”, деган саволларни беришади. Пайтдан фойдаланиб шу каби саволларга умумий тарзда (яъни шундай савол берган ва бериши мумкин бўлганларга) жавоб беришни лозим деб билдик.
- Ислом молияси асосларини ўрганиш ҳар бир мусулмон учун керак, чунки ҳар биримиз савдо-сотиқ қиламиз, ижарага оламиз-берамиз, қарз оламиз-берамиз, турли моддий қийматга эга молларимизни, шу жумладан валюталарни айирбошлаймиз, баъзиларимиз тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланамиз, яъни доимий равишда иқтисодий-молиявий муносабатларга киришамиз. Бундай амалиётларнинг барчаси биздан муайян билим ва кўникмалар талаб этади. Агар биз иқтисодий-молиявий муносабаталарда динимиз қўйган талабларни билмасак катта гуноҳларни содир қилиб қўйиш эҳтимолимиз жуда катта;
- Ислом молиясини мутахассис сифатида, яъни чуқурроқ ўрганиш ва шу соҳада ишлаш учун албатта тегишли илмларга эга бўлиш керак, бу эса йиллар талаб этадиган жараён. Лекин олинган илмни нафақат ўзи учун, балки уни тўғри йўлда, керакли жойда, уммат манфаати учун ишлатишни ният қилиш керак Хуллас, қайси (ҳалол) соҳада бўлмасин, инсон яхши ният билан астойдил билим олса ва ҳалол ризқ топишга ҳаракат қилса, Аллоҳ унга унинг ўзига мос бўлган ишни ва у билан бирга моддий ва маънавий манфаатни етказади. Масалан, бугунги кунда, бизнинг мамлакатимизда ислом молияси бўйича қонунлар қабул қилингани йўқ, лекин шунга қарамасдан молия муассасалари аллақачон халқаро ташкилотлар билан бу йўналишда ҳамкорлик қилишмоқда, ислом молияси тамойилларига мувофиқ бўлган ижара, муробаҳа ва ҳатто музораба молиявий хизмат ва маҳсулотларини таклиф қилишмоқда. Шунинг учун, бу илмни олсам кейин қаерда ишлайман, деб ўйлаш эмас, астойдил билим олишни ўйлаш керак. Тегишли чет тилларини ва ўз соҳасини яхши ўрганган мутахассислар деярли ҳамма мамлакатларда керак. Валлоҳу аълам.