Сиз “ижодий” иқтисодиёт (creative economy) ҳақида эшитганмисиз? Агар эшитмаган бўлсангиз, унда биз қуйидаги мақола орқали сизларни бундай иқтисодиёт билан таништиришга ҳаракат қиламиз.
ТЎРТБУРЧАК ТАРВУЗ ЁКИ “ИЖОДИЙ” ИҚТИСОДИЁТ
Япония кичик, лекин аҳолиси кўп давлат. Эҳтимол, шунинг учун японлар тинмай ҳамма нарсани имкон қадар мувофиқлаштиришга, қулайлаштиришга ҳаракат қилишади. Айнан шу мамлакатда кайдзен (ёки кайзен) тизими – иш жараёнларини босқичма-босқич кичик кичик янги ўзгаришлар орқали доимий такомиллаштириш концепцияси ишлаб чиқилган. Бу тизим корхонадаги самарасиз жараёнларни бартараф этишга, ишлаб чиқаришни мувофиқлаштириш/қулайлаштириш (оптималлаштириш) орқали, маҳсулот ва хизмат сифатини яхшилашга ва шу орқали самарадорликни оширишга хизмат қилади.
Кўпчилик, айнан Японияда ихтиро қилинган тўртбурчак тарвуз ҳақида эшитган бўлса керак. Бундай тарвуз 1978 йилда(!) график дизайнер Томоюки Оно томонидан ихтиро қилинган. Албатта, тўртбурчак тарвуз кимнингдир инжиқ истаги туфайли эмас, балки соф маркетинг мақсадида ўйлаб топилган, чунки агар тарвузлар ноодатий кўринишда, хусусан тўртбурчак шаклда бўлса, бу янги мижозларнинг эътиборини ўзига жалб қилишини тушунишган (одамлар доимо ғайриоддий нарсаларга қизиқишади). Бундай тарвузлар тўртбурчак қутиларда ўстирилади ва шу сабабли қути шаклини олади.
Бундай тарвузлар дастлаб амалий жиҳатдан қулайлиги учун яратилган бўлса-да (уларни ташиш ва музлатгичга жойлаштириш осон), улар пайдо бўлиши билан биринчи навбатда қимматбаҳо совға / безак сифатида қабул қилинди. Ўша пайтдан бери уларнинг нархи унчалик тушмади, бугунги кунда ҳам бир дона шундай тарвузнинг нархи 100-200 АҚШ доллар атрофида. Уларнинг нархи 800 ёки ҳатто 1000 доллардан ошган ҳолатлар ҳам кузатилган. Айтиб ўтилганидек, японлар уларни истеъмол қилишдан кўра, кўпроқ безак сифатида ишлатишади.
Тўртбурчак тарвузлар пайдо бўлгандан бери, юрак ва пирамида шаклдаги тарвузлар ҳам етиштирила бошлади.
Бизнинг фикримизча, айнан тўрбурчак тарвузлар бутун дунё бўйлаб одамларни (биринчи навбатда, мутахассисларни) нарсаларга бошқа кўз билан (бошқа тарафдан) қарашга ундади ва бу ўз навбатида “ижодий” иқтисодиётнинг (creative economy) ривожланишига туртки берди.
Жаҳонгир Имамназаров, “Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси, иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
(давоми бор)