Қуръони каримнинг кўплаб оятларида, аниқроғи, ўн еттита оятида тафаккур қилишга тарғиб қилинганмиз. Зеро, тафаккурсиз оятларни мазмун-моҳиятини англаб етолмаймиз ва ҳаётимизга татбиқ ҳам қилолмаймиз.
Уламоларимиз ТАФАККУРНИНГ ФОЙДАЛАРИ ҳақида шундай дейишади:*
- Тафаккур Аллоҳнинг розилиги ва муҳаббатига олиб борувчи йўлдир.
- Тафаккур бағрикенглик ва қалб сокинлигини пайдо қилади.
- Тафаккур Аллоҳ азза ва жалладан хавфда бўлиш ва қўрқиш малакасини ҳосил қилади.
- Тафаккур ҳикмат малакасини ҳосил қилади ва қалбни тирилтиради.
- Тафаккур катта ақлий қувват бўлиб, якка шахсларнинг огоҳлигига ва умматларнинг уйғонишига олиб боради.
“Тавба сураси” 34-оят:
“Эй, иймон келтирганлар! Албатта, ҳибр ва роҳибларнинг кўплари одамларнинг молларини ботил йўл билан ерлар ва Аллоҳнинг йўлидан тўсарлар. Олтин ва кумушни хазинага босадиган, Аллоҳнинг йўлида сарфламайдиганларга аламли азобнинг башоратини беравер.“
Ушбу оятда аҳли китобларнинг ҳибр ва роҳиблари (яъни дин пешволари) мол-дунёга ўчлиги, улар одамларнинг молларини ботил йўл билан еганликлари ва бу қабиҳ иш уларнинг «кўпларига» тегишли эканлиги ҳақида айтилмоқда (демак, уларнинг фақат озчилиги ботил йўл билан одамларнинг молини ейишга қизиқмайди). Бир вақтлар ҳибр ва роҳиблар тўплаган мол-дунё подшох ва императорларникидан ҳам кўплиги ошкор бўлган.
Ояти каримада баён қилинишича улар одамларнинг молларини ботил йўл орқали ейиш билан кифояланиб қолишмайди, балки, Аллоҳнинг йўлидан тўсадилар ҳам.
Оятнинг давомида олтин-кумушларни йиғиб-тўплаб, Аллоҳнинг йўлида сарфламайдиганларга аламли азоблар бўлиши ҳақида ҳам сўз кетади.
«Олтин ва кумушни хазинага босадиган, Аллоҳнинг йўлида сарфламайдиганларга аламли азобнинг башоратини беравер».
Мана энди сўз фақат ҳибр ва роҳиблар ҳақида эмас, балки мол-дунё йиғиб-тўплаб, Аллоҳнинг йўлида сарфламайдиганлар, яъни закотини бермайдиган, садақа ва эҳсон қилмайдиганларга аламли азоблар бўлиши ҳақида ҳам сўз кетади Шу ўринда “Ҳумаза” сурасини ҳам эслаб ўтишимиз лозим:
1. Ғийбат қилувчи, масхара қилувчи ҳар кимсанинг ҳолига вой.
2. У мол-дунёни йиғиб, уни санагани-санаган.
3. Мол-дунёси (бойлиги) уни абадий қолдиради деб ўйлаб юрган кимсадир.
4. Йўқ! Қасамки, албатта, у Ҳутомага ташланур!
5. Ҳутома нима эканлигини сенга не ҳам англатур?!
6.(У) ёқиб қўйилган Аллоҳнинг бир оловидирки,
7. (у баданларни тешиб ўтиб) юракларга қадар етур.
8. Албатта, у (олов) уларни (бундайларни) қамраб олувчидир.
9. (Улар) узун устунларда (занжирбанд) бўлурлар.
Ушбу сурада ҳам мол-дунёни йиғиб, уни эзгулик йўлида ишлатмасдан уларни тинмай санаб ўтирувчи, бойликка қул бўлиб қолган хасис кимсалар ҳақида сўз кетмоқда. Ундайлар юрса ҳам, турса ҳам, ҳамма жойда пулни, молни ўйлайди, уни қайта қайта санайди, лекин уларни хайрли ишларга сарф қилишни ўйламайди.
Агар бойлик буюрилгандек (закот, ушр, фитр) ва тавсия қилингандек (садақа ва эҳсонлар), яъни яхшилик йўлида ишлатилмаса, ундай бойликда хайр йўқ, балки бунинг учун аламли азоб бор экан.
Қуръони каримда бизга етказилаётган ҳикматни, яъни бойликларнинг бир жойда/тор доира ихтиёрида йиғилиб-тўпланиб турмаслиги кераклигини кейинчалик мусулмон бўлмаганлар ҳам англаб етишди. Асрлар ўтиб, иқтисодий таълимотлар ривожланиши билан иқтисодиётнинг ҳам асосий талаби шу эканлиги, яъни бойликлар тўпланиб турмаслиги, балки барча жамият аъзолари ўртасида айланиши кераклиги маълум бўлди. Чунки айнан шунда иқтисодиёт ривожланади ва барча бундан манфаатдор бўлади. Бу қоидани яхши ўзлаштирган давлатларнинг иқтисодиёти ҳам ривожланди. Улар турли йўллар билан бойликларни сарфлашни тарғиб қилишни йўлга қўйишди (албатта ислом дини нуқтаи назаридан бу йўлларни барчасини тўғри деб бўлмаслигини ҳам айтиб ўтиш лозим).
* islom.uz