Жазоир норасмий иқтисодиётдан пул маблағларини жалб қилиш мақсадида ислом молияси тамойилларидан фойдаланмоқда.
Нефт нархининг тушиб кетиши ва коронавирус пандемияси Шимолий Африка мамлакатлар иқтисодиётига жиддий таъсир ўтказмоқда. Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) бу йил Жазоир иқтисодиёти 5,2 фоизга қисқаришини прогноз қилмоқда.
Бош вазир Абделазиз Джерад (Abdelaziz Djerad) “мисли кўрилмаган иқтисодий вазият” ҳақида огоҳлантирмоқда, экспертлар эса ишсизлик даражасини 15 фоизга яқин бўлишини тахмин қилишмоқда.
“Африка қитъасининг энг катта давлати ва 43 миллион киши истиқомат қилувчи Жазоирда аксар молиявий операциялар расмий банк тармоғидан ташқарида, нақд пулда амалга оширилади”, – дейди ислом молияси бўйича мутахассис, профессор Муҳаммад Буджелал (Mohamed Boudjelal). “Мусулмонларнинг муайян қисми анъанавий банк тизими уларнинг эътиқодига тўғри келмайди деб ҳисоблашади”, – дея қўшимча қилади профессор.
Ислом молияси – шариат қонун-қонунларига мувофиқ молиявий хизматларни кўрсатувчи тизим – кўплаб мусулмон мамлакатларда жуда тез суръатларда ривожланиб бораётган соҳадир.
Жазоир, сўнгги ўн йил ичида бошқа мамлакатларда, хусусан Форс кўрфази ва Малайзияда ислом молияси эришган муваффақиятдан сўнг, ислом молияси маҳсулотлари иқтисодиётга янги сармоядорларни жалб қилишга ёрдам беришига умид қилмоқда.
Қўшни мамлакатлар аллақачон бундай тизим жорий этиб улгуришган. Масалан, Тунисда ислом молияси хизматларидан хусусий тармоқ доирасида ХХ асрнинг 80-йиллардан буён фойдаланиб келинаётган бўлса, Марокашда бу йўналишдаги амалий ишлар 2017 йилда бошланган.
Жазоир ҳукумати норасмий иқисодиётдаги катта маблағларни расмий иқтисодиётга йўналтиришга ҳаракат қилмоқда. Мамлакатнинг собиқ молия вазири ва Жазоир банклар уюшмасининг собиқ раҳбари Абдураҳмон Бенхалфа (Abderahmane Benkhalfa )нинг сўзларига кўра, хуфёна иқтисодиётнинг ҳажми 30 –35 млрд. АҚШ долларини ташкил этади.
Август ойининг бошларида Жазоир Миллий банки (National Bank of Algeria) тўққиз турдаги ислом молия маҳсулоти ва хизматларини таклиф қила бошлади ва таниқли уламолардан ушбу маҳсулот ва хизматларнинг ислом молияси тамойилларига мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжат (сертификат) олди.
Ҳозирги кунда иккита хусусий банк – Баҳрайннинг “Барака банк” ва “Ал Салам” банкларининг Жазоирдаги филиаллари мамлакатда ислом молияси маҳсулот ва хизматларини таклиф қилиб келмоқдалар.
Мамлакатда фаолият олиб бораётган бир нечта хориж банклари, ҳамда Жазоирнинг бошқа банклари (барчаси давлатга қарашли) йил охирига қадар ислом молияси маҳсулот ва хизматларини тақдим этишни бошлашлари кутилмоқда. Маълумотларга қараганда, улар “муробаҳа”, “ижара” ва “мушорака” каби бир қанча ислом молияси маҳсулотлари таклиф этишга тайёргарлик кўришмоқда.
«Муробаҳа» асосида молиялаштириш ислом молия тизимида энг машҳур маҳсулотлар қаторига киради ва истеъмолчиларнинг автомашинадан тортиб уй-жойгача бўлган турли эҳтиёжларини молиялаштириш учун қўлланади.
Мазкур битим турида банк мижознинг талабидан келиб чиққан ҳолда, кўчмас мулк ёки бошқа маҳсулотни сотиб олади ва уни мижозга ўзининг устама-фойдасини қўшган ҳолда сотади. Тўлов келишилган муддат давомида бўлиб-бўлиб тўлаш шаклида амалга оширилиши мумкин.
«Ижара» – бу ипотека кредитига муқобил тарзда, уй-жой ва кўчмас мулкни молиялаштиришда қўлланилиши мумкин. Ислом банки дастлаб, мол-мулкни сотиб олиб, ўз балансига олади, сўнгра уни мижозга ижарага беради, келишилган ижара муддати якунига етгач ва барча тўловлар амалга ошириб бўлингач, банк кўчмас мулкни мижознинг номига ўтказиб беради. Ўзбекистон шароитида ҳам уй-жой харид қилишга қурби етмаётган аҳоли қатламига мазкур молиялаштириш усулини таклиф қилиш мумкин.
«Мушорака» – харидорга фоизли қарз олишдан қочиш имкониятини беришнинг бир усули сифатида қаралади, бунда ислом банки истиқболли лойиҳаларда мижоз билан шерик – ҳамкор сифатида иштирок этади ва зарар сармоядаги улуш нисбатида, фойда эса томонлар келишган нисбатда тақсимланади.