Савол:
Ислом банки мижози ўз эҳтиёжлари учун муайян ускуна сотиб олмоқчи эканлигини, бу ускуна бир йилдан кейин ясаб битказилиши ва етказиб берилиши ва шу сабабли банкдан шу ускуна олинишини муробаҳа орқали молиялаштиришни сўраб мурожат қилди. Бунда мижоз ишлаб чиқарувчи томонидан талаб қилинган бошланғич тўловнинг (20%) ярмини ўз маблағлари ҳисобидан тўлашини, қолган қисмини (10%) эса банк тўлашини сўраган. Ускуна ясаб битказилиб ва мижозга етказиб берилгандан кейин банк ускуна нархининг қолган 80%ни тўлаши кўзда тутилган. Ушбу келишув мурабаҳа шартномоси асосида амалга оширилиши мумкинми?
Жавоб:
Муробаҳа битимига кўра, банк маҳсулотни харидорга сотишдан олдин маҳсулотга бўлган тўлиқ эгалик ҳуқуқини қўлга киритиши лозим. Юқоридаги ҳолатда эса, ускуна ҳали мавжуд эмас ва уни ясаб битказиш учун 1 йил керак бўлади. Шу сабабли, ислом банки мижоз билан ушбу ускуна савдоси устида муробаҳа битимига кириша олмайди.
Бироқ шариат бу ҳолатда бошқа муқобил молиялаштириш усулларини таклиф қилади ва бу икки томоннинг яъни банк ва мижознинг истак ва мақсадларига тўғри келади. Масалан, келишув истисна ва параллел истисна битимлари асосида амалга оширилиши мумкин.
Истисна – қуриб битказилиши ёки ишлаб чиқарилиши лозим бўлган нарсалар устида келишилган муайян нарх асосида амалга ошириладиган олди-сотди шартномасидир. Ушбу битимга кўра, маҳсулот, шартнома тузилаётган пайтда мавжуд бўлмаслиги керак.
Бу ҳолатда, банк мижоз билан истисна битимига, ускуна ишлаб чиқарувчи билан эса параллел истисна битимига киришади. Бунда, банк ва мижоз ўртасида имзоланган истисна шартномасидаги нарх, банк ва ишлаб чиқарувчи ўртасида имзоланган шартномадаги нархга нисбатан баланд бўлади. Мана шу тафовут банкнинг фойдасидир.
Келажакда юзага чиқиши мумкин бўлган ҳар қандай низони олдини олиш учун, тузилган иккала шартномада ҳам сотиб олинаётган ускунанинг техник хусусиятлари бир хил равишда, батафсил кўрсатилиши керак. Истисна шартномаси бўйича банк томонидан ускунанинг мижозга етказиб берилиш санаси/вақти, ишлаб чиқарувчининг параллел истисна шартномаси бўйича банкка маҳсулотни етказиб бериш санаси/вақтидан кечроқ бўлиши мумкин. Албатта бу, банк ускунани мижозга келишилган вақтда етказиб бериши янада ишончлироқ бўлишини таъминлаш учун керак.
Шу аснода, мижоз банкга истисна шартномасига биноан бошланғич тўлов сифатида маҳсулот умумий қийматининг 10 % ни тўлайди. Сўнгра банк, параллел истисно шартномаси асосида ишлаб чиқарувчига ускуна нархининг 20 фоизини бошланғич тўлов сифатида ўтказади (яъни мижоз 10% + Банк 10% = 20%).
Ускуна ясаб битказилгач, банк параллел истисна шартномасига биноан ишлаб чиқарувчига маҳсулотнинг қолган 80 фоизини етказади ва ускунани қабул қилиб олади. Сўнгра банк, муайян муддат ичида бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан тайёр ускунани мижозга тақдим этади.
Ишлаб чиқарувчи томонидан ускунани тайёрлаш ва банкка етказиш келишилган муддатдан кечиккан тақдирда, банк параллел истисна келишуви бўйича еказилган зарарни қоплашни ишлаб чиқарувчидан талаб қилиши ва ундириши мумкин. Ҳудди шундек, мижоз ҳам истисна келишуви бўйича банкдан кечиккан муддат туфайли унга етган зарарни ундириш ҳуқуқига эга бўлади. Аммо, зарарни қоплаш талаби ҳуқуқига эга бўлиш учун, истисна ва параллел истисна шартномаларида зарарни қоплаш масаласини олдиндан кўзда тутиш, яъни шунга оид алоҳида бандлар киритилиши лозим. Параллел истисна битими бўйича ундирилиши кўзда тутилган жарима миқдори, мижоз билан тузилган истисна битимидагидан баландроқ бўлиши ҳам мумкин. Ушбу жарималарни ундиришдан мақсад – зарарни қоплаш, ҳамда шартнома томонларининг масъулиятини оширишдир.
Манба: https://daralsharia.ae/