Кириш
Сўнгги йилларда бутун жаҳонда, шунингдек юртимизда ҳам ислом молияси маҳсулот ва хизматларига бўлган талаб сезиларли даражада ошди. Мазкур талабнинг ортишига бир қатор омиллар таъсир кўрсатмоқда. Бунда асосий омиллар сифатида жамиятимизда шариат талабларига мос келувчи молиявий хизмат ва маҳсулотларга ҳамда ҳалол инвестиция манбаларига бўлган талаб ва эҳтиёжнинг ортиб бораётгани, шунингдек жаҳон банк-молия тизимида ислом банклари ва молиявий маҳсулотларининг изчил ривожланаётганлигини кўрсатиш мумкин. Бироқ, бу имкониятлар билан бир қаторда, эҳтиёж ва имкониятлардан ўз ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланиш ҳолатлари ҳам юзага келмоқда. Аҳоли ичида “ҳалол насия” ва “исломий молиялаштириш” каби ном остида фаолият юритаётган, аслида эса шариат талабларига тамомила зид равишда ёки уларга фақат қисман риоя қилиш асносида тан олинган Шариат экспертлари ва кенгашлари хулосаларини олмасдан фаолият юритаётган шахслар ва ташкилотлар сони кўпайиб бормоқда. Бундай компаниялар кўпинча ноаниқ ҳамда мижозларни чалғитувчи маркетинг усулларини қўллашади, тузилаётган шартномаларнинг мазмун-моҳиятини етарлича ошкор этишмайди ва албатта бунинг натижасида фуқаролар нафақат моддий зарар кўришмоқда, балки энг нозик нуқта – ўз эътиқодлари томондан маънавий зарба ейишмоқда.
Мазкур вазият иқтисодий ҳамда ижтимоий жиҳатдан салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Натижада, ислом банк-молия тизимига нисбатан жамиятда ишонч сусаяди, “ҳалол молия” мавқеига зарар етади ва молия бозорининг барқарор ривожланишига тўсқинлик қилинади. Шу боис, ислом молия маҳсулотлари ва хизматлари таклиф этувчи ташкилотлар учун тегишли мезонлар ишлаб чиқиш, уларнинг фаолиятига қатъий ва аниқ талаблар қўйиш, уларнинг иш жараёнини тизимли назорат қилиш ва шу орқали шариат қоидаларига мувофиқлигини таъминлаш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан биридир.
Ташкилотларга қўйиладиган асосий талаблар қуйидагилар бўлиши лозим:
Шариатга мувофиқлик талаблари.
- махсус шариат кенгашига эга бўлиш – Малакали уламолар ва фиқҳ мутахассислари, ҳуқуқшунос ва молия экспертлари иштирокида кенгаш ташкил қилиш ёки аутсорсинг асосида, яъни тузилган ва фаолият юритиб келаётган шариат кенгаши хизматидан фойдаланиш;
- ҳар бир хизмат тури бўйича (маҳсулотнинг шариатга зид эмаслигини тасдиқловчи) шариат кенгашининг ёзма хулосасини олиш;
- Шариат аудитини ўтказиш – ҳар йили шариат аудити ўтказиш ва мустақил шариат аудиторининг хулосасини ташкилот вебсайтида ва бошқа тегишли очиқ манбаларда эълон қилиш.
Ахлоқий ва ижтимоий талаблар
- Аниқ шартлар – мижозларга адолатли ва аниқ шартларни таклиф қилиш.
- Чалғитувчи реклама ва ноаниқ маълумотлардан воз кечиш ва буни Давлат назорати ва лицензиялаш тизими орқали тартибга солиш. Яъни, Ислом молия хизматини кўрсатувчи ташкилотлар лицензия олаётганда махсус қўшимча талаб(хизмат кўрсатувчи Шариат кенгаши) мавжудлигини текшириш.
- Фақат махсус рухсатнома/лицензияга ва шариат кенгашига (ёки аутсорсинг асосида) эга бўлган ташкилотларгина “ислом молияси”/”исломий молиялаштириш”, “ҳалол насия” ва бошқа шунга доир ибора ва терминлардан фойдаланишини назорат қилиш.
- Ушбу талабларга амал қилмаган жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан қатъий ҳуқуқий чоралар қўллаш.
Онлайн реестр ва очиқ маълумотлар
- Ислом молия хизматини кўрсатувчи лицензияга эга ташкилотларни алоҳида ягона онлайн реестрга киритиш.
- Шариат кенгаши аъзолари ҳақидаги ва тегишли рухсатнома/лицензияларга оид маълумотларни очиқ эълон қилиш. Шунингдек, Мижозларга ислом молия хизматини кўрсатувчи ташкилотларини текшириш (https://registr.stat.uz/main.php) имкониятини тақдим этиш.
Ходимлар малакасини ошириш
- ислом молияси тамойилларига мувофиқ бўлган молиявий маҳсулот ва хизматлар таклиф қилувчи муассасалар ходимлари учун ислом молияси бўйича фундаментал курслар ташкил этиш.
- AAOIFIнинг халқаро сертификатлари дастурлари доирасида махсус курсларда ўқитишни йўлга қўйиш.
Аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш
ИСЛОМ МОЛИЯСИ ХИЗМАТИДАН ФОЙДАЛАНАМАН, ДЕГАН ҲАР БИР ШАХС албатта, ушбу тизим асосларини ўрганиши, РИБО, ҒАРАР, МАЙСИР ҳамда ислом банк-молия тизимида қўлланувчи маҳсулотлар (МУРОБАҲА, ИЖАРА, МУЗОРАБА, МУШОРАКА, САЛАМ, ИСТИСНА ва бошқалар) ҳақида асосли тушунчага эга бўлиши, ислом молиясидаги энг муҳим талаблардан бири – БАРЧА МОЛИЯВИЙ АМАЛИЁТЛАР РЕАЛ АКТИВЛАРГА АСОСЛАНГАН/БОҒЛАНГАН бўлиши ва бу талаб молиявий пуфаклар ва асоссиз/эвазсиз бойлик ҳосил бўлишининг олдини олишга хизмат қилишини, молия соҳаси фаолиятининг реал сектор билан боғлиқлигини таъминлашини, ва энг асосийси шариат асосидаги иқтисодий-молиявий амалиётлар ШАФФОФ бўлиши, барча иштирокчилар ўртасида АДОЛАТ ва ЎЗАРО МАНФААТни таъминлаши зарурлигини БИЛИШИ ЛОЗИМ.
Мазкур талаблар нафақат исломий меъёр сифатида, балки молиявий хавфсизлик ва ишончли ҳамкорликнинг кафолати сифатида ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Фирибгарларга алданмаслик учун нималарга эътибор бериш керак
1. Шариатга мувофиқликни текшириш
Ташкилотда шариат кенгаши борлигини ва уларнинг қарорлари (хулосалари) мавжудлигини сўраш/аниқлаш. Ушбу маълумот ташкилотнинг расмий вебсайти ёки бошқа расмий манбаларида акс этган бўлиши керак.
2. Шартномаларни диққат билан ўқиш
Ҳар бир бандни тушуниб ўқиш, ноаниқ ёки чалкаш жумлалар тушунтирилишини талаб қилиш. Яширин фоиз, ортиқча тўлов ёки жарима каби шариатга зид шартлар мавжуд эмаслигини текшириш. (AAOIFI шаръий меъёрларига мувофиқ жарима қўлланилиши бундан мустасно). Шартнома рибо, ғарар, майсир каби тақиқланган нарсалардан ҳоли эканлигига ишонч ҳосил қилиш.
3. Чалғитувчи рекламалардан эҳтиёт бўлиш
“Ҳалол насия” ёки “тақсит” каби ёзувлар автомат равишда ишонч уйғотмаслиги керак. Ҳар қандай молиявий хизмат ёки маҳсулотнинг ҳақиқатан ҳам шариатга мослиги ҳужжатлар асосида исботланиши зарур
Масалан, яқинда бир машҳур илова провайдери автомобил жарималарини муддатли тўлов асосида тўлаш имкониятини реклама қилди. Бироқ, таклиф қилинаётган амалиёт аслида насия савдога алоқадор эмас, балки қарзни муддатини чўзиб кўпайтириш шаклида амалга оширилмоқда экан. Бу эса ислом молияси талабларига зид бўлиб, айни рибодир. Зеро, исломда насия савдо қоидалари маҳсулотларга нисбатан қўлланилади, қарз ёки жаримага нисбатан эмас. Демак, қарз муддати чўзилганда қарзнинг кўпайиши шариат бўйича мутлақо ножоиз.
Шунингдек, жуда юқори даромад ваъда қилаётган ёки тез бойишни тарғиб қилаётган таклифларга ниҳоятда эҳтиёткорлик билан ёндашиш зарур. Одатда бундай таклифлар алдовга қурилган бўлади.
Яна шуни ҳам ёдда тутиш керакки, ҳозирча ислом молия маҳсулотлари ва хизматлари анъанавий тижорат банк хизматлари ёки микромолия хизматларидан арзон эмас, балки қимматроқ бўлиши мумкин. Буни ислом молияси бўйича қонунчиликнинг мавжуд эмаслиги, ислом молия маҳсулотларини солиққа тортишдаги муаммолар ва бошқа омиллар билан изоҳлаш мумкин.
4. Мустақил текширув ўтказиш:
Ташкилот ҳақида интернетда, расмий ахборот воситаларида ва мустақил молия порталларида маълумотларини текшириш ёки шу соҳада эксперт бўлган мутахассисларни топиб маслаҳатлашиш зарур.
Хулоса ўрнида
Агар маҳсулот (мол) ўзиники бўлса ўртага бошқа воситачисиз насия савдо орқали сотиш мумкин. Агар сотувчи ва олувчи ўртасида воситачи бўлса (масалан тижорат банки, микромолия ташкилоти ва бошқалар) ислом молия хизматларини кўрсатувчи ташкилот талабларига жавоб бериш керак (яъни, шариат кенгаши бўлиши ёки бу аутсорсинг асосида бўлиши, шартномалари бўйича шариат кенгашининг хулосаси олинганлиги, шариат аудити ўтказилиши ва ҳоказолар).
Тегишли давлат идоралари ушбу соҳани ривожлантириш учун дадил қадамлар ташлашлари, шу жумладан, ислом молияси соҳасида фаолият юритувчи муассасалар учун ҳуқуқий асос яратиш ва анъанавий молия муассасалари билан тенг рақобат муҳитини ташкил қилишлари лозим. Зеро, ушбу соҳа Ўзбекистоннинг келажаги учун муҳим омил ва мустаҳкам пойдевор бўлишига ишончимиз комил.
Муаллиф:
Иқтисодиёт фанлари доктори, доцент А. Турсунов