Бугунги кунда ислом молияси бутун дунёда юқори суръатлар билан ривожланиб бораётган соҳалардан биридир. Бизнинг мамлакатимизда ҳам ушбу соҳага аҳоли, тадбиркорлар ва молия муассасалари томонидан қизиқиш катта.
Ислом иқтисодиётининг ўзига хос жиҳати шундаки, у инсонларнинг моддий эҳтиёжларидан ташқари руҳий, маънавий ва ижтимоий эҳтиёжларини ҳам инобатга олади ва шу сабабли эркин бозор қонунларини инкор қилмаган ҳолда, жамият манфаатларини таъминлаш, ҳамда бозорда йўл қўйилиши мумкин бўлган исрофгарчилик, инсофсизлик, алдамчилик ва адолатсизликни олдини олиш мақсадида муайян маънавий-ахлоқий чегаралар ўрнатади.
Бугун сизларнинг эътиборингизга ҳавола қилинаётган www.islommoliyasi.uz вебсайти, биз шу пайтгача юритиб келаётган “Ислом молияси” телеграм саҳифасининг кенгайтирилган кўриниши бўлиб, биз эндиликда ислом молияси ва иқтисодиётига оид барча маълумот ва мақолаларни ушбу икки манбага жойлаб борамиз.
www.islommoliyasi.uz вебсайти асосан Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатлари фойдаланувчиларига мўлжалланган. Чунки бутун дунёда юқори суръатларда ривожланиб бораётган ислом молияси айнан бизнинг минтақамизда сустлигича қолмоқда. Фикримизча, бунинг асосий сабаблари билимсизлик, ислом молиясини нотўғри талқин қилиш, назарий ва амалий билимларнинг етишмаслигидир. Шу сабабли биз, ислом молияси соҳасида ишончли маълумотларни улашиш, шу соҳага алоқадор муайян диний тақиқ ва буйруқларнинг ҳикматини тушунтириб бориш, ҳалол тадбиркорлик фаолиятини олиб боришда фойдали бўладиган билим ва кўникмалар билан ўртоқлашиш ва билимсизликка барҳам беришга ўз ҳиссамизни қўшишни муҳим деб ҳисоблаймиз ва шунга ҳаракат қиламиз.
Шу ерда бир нарсани айтиб ўтишимиз лозим, бизнинг мақсадимиз ҳозирги анъанавий банк тизимини қоралаш эмас, балки талаб ва эҳтиёж туфайли бутун дунёда кенг тарқалган ушбу банк тизимига ёндош бўлган, аммо тамомила бошқа асосларга бино қилинган муқобил молия тизими билан ўқувчиларимизни таништириб боришдир. Шунингдек биз, диний тортишувлар, олимларнинг фикрларини бир-бирига қарама-қарши қўйиш ва уларнинг хулосаларини шубҳа остига олиш ва низо чиқаришдан йироқ туриш ниятидамиз.
Замонавий ислом молияси муайян танқидларга қарамай амалий жиҳатдан барча мамлакатларда мувофиқлик ва уйғунлик ҳолатига келиб улгурган ва шу сабабли, ушбу ишлаб турган тизимни қайтадан яратиш эмас, балки бугунги кунда дунёда тан олинган ишончли манбаларни ўрганиш, таржима қилиш, мувофиқлаштириш ва юртимиз аҳолисига етказиш зарур. Бизнинг ниятимиз ҳам, ушбу назарий билимлар ва ўз амалий тажрибамиз ёрдамида молия ва тадбиркорлик соҳасида мамлакатимиз ишбилармонлари дуч келаётган муаммоларга амалий ечимлар таклиф қилишдир.
Фурсатдан фойдаланиб www.islommoliyasi.uz вебсайтини яратишда бизга амалий ёрдам берган Azon.uz лойиҳаси раҳбарларига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз, ҳамда ушбу изланувчан ижодий жамоа билан биргаликда халқимиз учун манфаати бўлган янги-янги лойиҳаларни амалга оширамиз деб умид қиламиз.
www.islommoliyasi.uz вебсайтида ўзингиз учун бирор фойдали билим ва маълумотга эга бўлсангиз Аллоҳнинг марҳамати деб, хато ва камчиликларни эса муаллифлардан деб билгайсиз, ҳамда бундай ҳолатларда бизнинг ҳақимизда яхши гумон ва дуои хайрда бўласизлар деб умид қиламиз.
Ассаламу алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳ!
Лойиҳа муаллифлари
Хондамир Нусратхўжаев – аудит, бухгалтерия ҳисоби, молия ва ислом молияси бўйича МДҲ мамлакатлари ва Саудия Арабистонида 21 йиллик иш тажрибасига эга. PricewaterhouseCoopers, Ernst & Young ва Deloitte халқаро аудит-консалтинг компанияларида IPO ва Евробондлар чиқариш бўйича лойиҳаларни бошқарган. 2013 йилдан буён Жидда шаҳрида Ислом тараққиёт банкининг Молиявий назорат бўлими менеджери лавозимида фаолият юритади. МҲХС (IFRS) ва AAOIFI стандартлари бўйича тайёрланган молия ҳисоботлари, ички назорат, сукук чиқариш ва молиянинг бошқа соҳаларида мутахассис ҳисобланади.
Шунингдек, Хондамир AAOIFIнинг Бухгалтерия ҳисоби кенгашининг МДҲ мамлактларидан бўлган ягона аъзоси ва Ислом молияси ташкилотлари томонидан қўлланиладиган Молия ҳисоби стандартлари ишлаб чиқишда қатнашади. AAOIFI ислом молияси ташкилотлари учун шариат, бухгалтерия ҳисоби ва бошқарув стандартларини ишлаб чиқиш билан шуғулланувчи етакчи халқаро ташкилотдир. Ислом молияси ва банкчилиги бўйича қатор халқаро нашрларда мақолалари чоп этилган. Ислом молияси ва тадбиркорлик бўйича маҳорат дарслари ўтади, тадбиркорлар ва корхоналар учун корпоратив ва ислом молиясига алоқадор мавзуларда маслаҳатлар беради.
Жаҳонгир Имамназаров – бугунги кунда “Islamic Business and Finance” (IsBF) компанияси ҳаммуассиси ва директори. Бугунги кунда IsBF ислом молияси бўйича молия муассасаларига ва халқаро ташкилотларга консалтинг хизматлари кўрсатиш, маҳаллий молия муассасалар ходимлари учун Ўзбекистонда ва хорижий давлатларда тренинглар ўтказиш, ислом иқтисодиёти ва молиясига оид илмий, илмий-оммабоп адабиётлар ҳамда дарсликлар тайёрлаш билан шуғулланади. Шунингдек, компания ўз олдига инвестиция ва лизинг фаолиятини йўлга қўйиш устида ҳам ишламоқда.
Жаҳонгир Имамназаров Тошкент давлат Шарқшунослик институти Халқаро иқтисодий муносабатлар факультетининг битирувчиси. 10 йиллик банк тажрибаси, шунингдек Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури, Осиё тараққиёт банки, Жаҳон Банки, ҳамда Халқаро молия корпорациясининг Ўзбекистондаги лойиҳаларини амалга ошириш бўйича катта иш тажрибасига эга. Ислом банк-молия тизими, “Ҳалол” стандарти, тадбиркорлик фаолияти ва экспортга оид қўлланма ва мақолалар муаллифи. Иқтисодиёт фанлари бўйича (Ислом иқтисодиёти йўналишида) фалсафа доктори (PhD).
Музаффар Ҳусниддинов – Буюк Британиянинг ислом молиясига ихтисослашган Gateway Global консалтинг ташкилотининг Марказий Осиё бўйича раҳбари. Тошкент давлат шарқшунослик институтини иқтисод йўналиши ва Корея Университети MBA дастурини молия йўналишида тамомлаган. Deloitte ва PricewaterhouseCoopers аудит корхоналарида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россиянинг кўплаб йирик корхона ва банклари аудитида қатнашган. Корхоналарда ERP дастурий таъминотини жорий қилиш, бизнес-процессларни оптималлаштириш ва назорат қилиш бўйича иш тажрибасига эга. АССА дастури бўйича бошқарув ҳисобини юритиш йўналишида дарс бериш тажрибасига ва ислом молияси бўйича сертификатларга эга.