Ўзбекистонда ислом молиясини тадбиқ қилиш имкониятларини ўрганиш бўйича тадқиқот
Ислом молияси дунёнинг жуда кўп мамлакатларида юқори суръатларда ривожланиб бораётган соҳалардан биридир. Ҳозирда жаҳоннинг 50 га яқин мамлакатида ислом молияси бўйича қонунчилик жорий қилинган, хусусан, Марказий Осиё давлатларидан Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонда сўнгги йилларда ислом молияси учун ҳуқуқий асос яратилди. Бугунги кунда дунёнинг турли мамлакатларида фаолият олиб бораётган 1500 дан ортиқ ислом молияси муассасаларининг активлари 2,5 триллион АҚШ долларини ташкил қилмоқда.
Маълумки бизнинг мамлакатимизда ҳам бу турдаги молияга талаб бор. Шуни инобатга олган ҳолда, тадбиркорлар ва аҳолининг муайян қатламлари эътиқодига мос келувчи молиявий хизматлар таклиф қилиш ва шу орқали уларнинг фаолиятини жадаллаштириш мақсадида ислом молияси имкониятларини таҳлил қилиш ва бу борадаги имкониятларни баҳолаш бўйича тадқиқот ўтказилмоқда. Ушбу тадқиқот, тадбиркорлар ва аҳоли ўртасида молиявий маблағларга бўлган эхтиёжни қондириш масаласини ўрганиш ва бу масалага янги ечимлар топиш орқали мамлакатимиз иқтисодий ривожланишига ҳисса қўшади деб умид қиламиз.
Тадқиқот натижалари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Марказий Банк, Вазирлар маҳкамаси, ва бошқа алоқадор ҳукумат идораларига тақдим этилади.
Тадқиқот мақсади: Ўзбекистонда тадбиркорлар, банклар ва аҳолининг ислом молиясига бўлган талаби, мавжуд имкониятлар ва ривожланиш истиқболларини ўрганиш ва баҳолашдир.
Сизни тадқиқот доирасида ўтказилаётган сўровномада иштирок этишга таклиф қиламиз. Сўровномада фаол иштирок этиб, холис жавоблар берасиз деб умид қиламиз.
Диққат! Сиз берган жавоблар махфий бўлиб, улар тадқиқот доирасида таҳлил учунгина фойдаланилади.
© 2020. Барча хукуклар химояланган. islommoliyasi.uz